www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мактаб филиаллари ёпилади(ми?)

Чекка ҳудудларда қурилган айрим мактаб филиалларининг ачинарли аҳволи ижтимоий тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлгани бежиз эмас.

Тан олиш керак, қачонлардир хом ғишт, пахса девордан қурилган, ҳатто ўз биносига эга бўлмаган бундай филиалларнинг фаолияти таълим-тарбия сифатига путур етказмасдан қолмади.

Эндиликда уларни хатловдан ўтказиш, ёпиш, таълим-тарбия жараёнини асосий мактабларда ташкил этиш, замонавий филиаллар учун мактаб мақомини бериш чораси кўрилмоқда. Мазкур ишларнинг туманимизда қандай йўлга қўйилаётгани билан қизиқдик.

Таъкидлаш керак, вилоятимиздаги 188 та мактаб филиали хатловдан ўтказилганда, уларнинг аксарияти талабга зид равишда фаолият юритаётгани, кадрлар билан тўлиқ таъминланмагани аниқланган. Мазкур ҳолат туманимиздаги 13 та мактаб филиалига ҳам тегишли.

Туман халқ таълими бўлими методисти Ҳамза Муҳаммадиев берган маълумотга кўра, махсус ишчи гуруҳ хатлов ишларини якунлаган. Биринчи навбатда ўз биносига эга бўлмаган 2-умумтаълим мактаби филиали ёпилган. Ўқувчилар асосий бинода таълим олишни бошлабди. 43-умумтаълим мактаби филиали ҳам қисқа вақт ичида ёпилади. Ўқувчилар 4 километр узоқликда жойлашган 43– ёки 14-умумтаълим мактабига бориб ўқишлари лозимлиги айтилмоқда.

– Жорий ўқув йили ҳисобидан иккита мактаб филиали ўз фаолиятини якунлайди, – дейди Ҳ.Муҳаммадиев. – Чунки 2-умумтаълим мактаби филиалида таҳсил олувчи бошлан­ғич синф ўқувчилари сони 18-20 нафардан ошмасди. Шундай бўлсада, уч километр узоқликда жойлашган мактабга қатнаб, таълим олишнинг имкони бўлмаган. Аҳоли уйидан жой ажратиб бергач, ноилож вақтинчалик филиал очгандик. Бор йўғи бир нафар ўқитувчи ўта оғир шароитда болаларга таълим-тарбия бериб келди. Эндиликда ўқувчиларнинг асосий мактабга бориб ўқиши учун алоҳида транспорт қатнови йўлга қўйилмоқда. 43-умумтаълим мактаби филиалида ҳам ўқувчи сони кам. Ҳар йили 38-40 нафардан ошмайди. Мактаб биноси пахсадан қурилган. Ҳудудга яқин 14-умумтаълим мактабига ёки 43-мактабга транспорт қатновини йўлга қўйиш орқали, уларнинг замонавий таълим-тарбия олишига замин яратмоқчимиз.

Қолган 11 та филиалнинг тақдири нима бўлади, деган савол ҳам кишини ўйлантиради. Айтайлик, 9-умумтаълим мактабига қарашли филиал асосий мактабдан 11 километр узоқликда жойлашган. 11-умумтаълим мактаби филиалида эса 80 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олади. Бу бошқа филиалларга қараганда икки баравар кўп.  Мутасаддиларнинг фикрича, фақат автобус қатновини йўлга қўйиш билан бу ердаги муаммони ҳал этиб бўлмайди. Шу сабабли 11-мактаб филиалини замонавий таъмирлаш, 9-мактабга қарашли филиални эса келгуси йилда инвестиция дастури асосида қайта қуриш таклифи берилмоқда.

– Баъзи мактабларда хоналарнинг етишмаслиги ҳам жиддий муаммо бўлиб турибди, – дейди Ҳ.Муҳаммадиев. – Хатлов жараёнида 36-умумтаълим мактабининг асосий биноси талабга жавоб бермаслиги, хоналар етишмаётгани аниқланди. 2020 йилда 315 ўринга мўлжалланган янги мактаб биносини қуриш таклифини бердик. Лойиҳа амалга ошган тақдирда филиал фаолиятини тўхтатамиз. Аммо ҳозирча ишлаб туради. Баъзи ҳудудларнинг йўли ҳам носоз. Автобус ҳаракати чекланган. Демак, у ердаги филиаллар ҳам вақтинча ёпилмайди.

Мазкур ислоҳотнинг асосий мақсади, ўқувчига сифатли таълим бериш. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бугунги шароитда уч-беш километрлик масофа сифатли таълим олиш учун катта тўсиқ эмас. Транспорт  қатнови йўлга қўйилса, муаммо ўз-ўзидан ҳал. Кам сонли ўқувчилар учун махсус мактаб қуришга ҳам ҳожат қолмайди.

Шу ўринда яна бир жиҳат эътибордан четда қолмаслиги керак. Президентимизнинг жорий йил 17 июлда ўтказган "Умумий ўрта таълим тизимида амалга оширилаётган ишларнинг танқидий таҳлили асосида ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги мажлис баёнида филиаллар масаласи алоҳида эътиборга олинган. Транспорт қатновини йўлга қўйиш мумкин бўлмаган тақдирда тўлақонли мактаб биноларини қуриш, таъмирлаш вазифаси ҳам белгилаб берилганди.

Сир эмаски, айни пайтда мутасаддиларнинг таклифи кўп нарсани ҳал қилади. Қайси филиални ёпиш, қайта қуриш, транспорт қатновини тўғри ва оқилона ташкил этиш улар берадиган таклифга, аниқроғи, якуний хулосага боғлиқ. Қачонки, пухта ўйланган мазкур ислоҳот қуйи бўғинда ҳам тўлақонли аксини топар экан, бундан халқ ҳам, давлат ҳам бирдай манфаатдор бўлади.

Шерзод ИСОҚУЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 30-10-2018
  • | 10 |
  • № 40