www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мактаб филиали ёпилмаслиги керак

"Жомбой тонги" газетасининг шу йил 40-сонида чоп этилган "Мактаб филиаллари ёпилади(ми?)" сарлавҳали мақола кўплаб тушунмовчиликларга қисман ойдинлик киритди.
Ишчи гуруҳ билдирган хулосаларнинг барчаси ўринли. Кам сонли ўқувчилар учун битта мактаб очиб, сифатли таълим бериб бўлмаслиги ҳам ҳақиқат. Лекин масаланинг бошқа томони ҳисобга олинганмикан?
Бугунги кунда 43-умумтаълим мактаби филиалида 39-40 нафар бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олишади. Автобус қатнови йўлга қўйиладиган бўлса, уларнинг асосий мактабга қатнаши муаммо бўлмайди. Бироқ юқори синф ўқувчиларининг тақдири-чи?
Мирзақанғли қишлоғининг ўзида юзга яқин ўқувчи бор. Қўриқ ва унга яқин қишлоқларни ҳисобга олсак, бу рақам янада ортади. Уч-тўрт километр узоқликдаги мактабга бориб ўқиш улар учун осон эмас. Йил бўйи лой, тупроқ кечиб, пиёда қатнайди. Ҳозирча, филиалнинг 30-40 нафар ўқувчиси учун автобус берилиши айтиляпти. Бизнингча, вазиятга бошқа томондан ёндашган маъқул. Қоидага биноан, ўқувчи сони 180 нафарга етган ҳудудда алоҳида мактаб очиш ёки ўша ердаги филиал ҳам мактаб мақомини олишга тўла ҳақли. Мирзақанғлидаги бугунги ҳолат шуни тақозо этади.
Пахсадан қурилган бинода битта қишлоқ болалари ўқиётгани бор гап. Ҳудуд марказдан анча олисда бўлгач, 10-15 нафар ўқувчига алоҳида филиал очишган. Аммо ҳозир вазият ўзгарди. Ўқувчи сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Баъзан иккита синф ўқувчилари учун бир хонада дарс ўтишга тўғри келаркан. Шунинг ўзиёқ, қўшимча бино ёки замонавий мактаб қуриш зарурлигини англатмайдими?
Филиалнинг ҳозирги ҳолати унчалик ёмон эмас. Буни ишчи гуруҳ ҳам тасдиқлаб кетишди. Синфхоналар ёруғ ва шинам. Куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилган.
Ота-она борки, фарзандининг тақдири, келажаги ҳақида қайғуради. Уларнинг соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши учун давлатимиз томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Қишлоқ жойларда қурилган мактаб филиалларини хатловдан ўтказиш, ўқувчиларнинг асосий мактабларда таҳсил олиши учун қулайлик яратиш, замонавий филиалларга мактаб мақомини бериш таклифи ана шу ишларнинг амалий ифодасидир. Эндиликда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос шароити, имконияти ҳисобга олинса, кўрилаётган ислоҳот ўз самарасини беради.

Мавлуда ЭРГАШЕВА, 

Талдираззоқ маҳалласи. 

  • 24-11-2018
  • | 14 |
  • № 43