www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мустақил тил ўрганиш мумкинми?

Малакали ўқитувчи ёки репетиторга мурожаат қилмасдан туриб, тилни маълум даражада эгаллаш мумкин. Бунинг учун бироз иштиёқ ва хоҳиш бўлса, кифоя.

Тил ўрганиш қийин, дейишга шошилманг. Асл ҳақиқат бундай эмас. Бизнингча, ҳар қандай тилни китоб ўқишдан бошлаган маъқул. Аввало, чет тилида ёзилган қизиқарли ҳикоя ва эртакни тингланг. Китоб ўқувчининг эслаб қолиш қобилиятини чархлайди. Сўз бойлигини оширади. Қисқа ҳикоя ва эртакларнинг тили грамматик талабга мос. Мутолаа жараёнида қайси сўздан кейин нима келишини ўрганиб борасиз. Кейинчалик грамматикани ўрганиш осон кечади. Кўзимиз ўрганган сўзлар билим олишга кўмаклашади. Ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ҳам рус тилини ўрганиш учун муттасил китоб ўқиган экан. Фақат мазмунини бошқалардан сўраб турган, холос.

Лекин шу билан чекланиб қолиш ярамайди. Матн орқали ёдлаб олинган сўзлар ёрдамида гаплар тузинг. Бу эслаб қолиш кўникмасини шакллантиради. Унутманг, муваффақиятга етакловчи бирдан бир асос мутолаадир.

Шу ўринда, бир ҳолатни унутмаслик керак. Инсон мияси ўқиш ва эшитишдан кўра, тасвир ёки рамзларни тезроқ қабул қилади. 72 соатдан сўнг эшитган маълумотнинг ўн фоизигина хотирада қолар экан. Тасвир орқали унинг 65 фоизини ёдда сақлаш мумкин. Чунки мия ўз кучининг ярмини кўз орқали қабул қилинган ахборот ва уни таҳлил қилишга сарфлайди. Қолган қуввати қулоқ ва тананинг бошқа қисмларига тенг тақсимланади. Матнни ўқишда ҳам тасвирни англаш қобилияти ёрдамга келади. Демак, тилни осон ўзлаштириш учун расмларга тез-тез мурожаат қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Қандай Ўрганишга мойилсиз?

Аввало, ўзимизга савол бериб кўрайлик. Мен қайси усулда дарс қилсам, яхшироқ?  Кимдир эшитиш, кўриш ёки бажариш орқали яхши ўзлаштиришга мойил бўлади. Агар эшитиш орқали ўрганиш қулай бўлса, диктофон ва қулоқчинга мурожаат қилинг. Қоида ва луғатларни телефон диктофонига ёзиб олиб, кун бўйи тинглаб юриш керак.

Кўриш орқали ўзлаштириш осон, дегувчилар учун тилга оид слайд ва видео дарс­ликлар ёрдамга келади. Амалий фаолиятда сўзлашиш, мулоқот қилиш қулай бўлса, тортинманг. Машқларни оғзаки бажаринг. Ўрганилган грамматик қоидани кишилар билан мулоқотда фаол қўллаш тавсия этилади.

Тил Ўрганиш учун

дЎст ахтаринг

Тўғри, ёлғиз ўрганишдан кўра, иккинчи шахс билан ўзаро рақобатлашиб, фикр алмашиш анча самарали. Инглиз тилини ўрганаётган дўстингиз билан кўпроқ мулоқотга киришинг. Мавзу юзасидан тез-тез савол-жавоблар ўтказиш, суҳбатлашиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Агар тил ўрганувчи яқин танишингиз бўлмаса, уларни илм даргоҳларидан топиш муаммо эмас. Излаган ҳар доим имкон топади.

Хатолар фойдангизга "ишлайди"

Машқ бажариш хатосиз кечмаслиги аниқ. Лекин бу ҳам фойдали. Хатони тузатиш қизиқ ва самарали машғулот. Тил ўрганишда хато қилишдан қўрқманг. Эринчоқ инсонгина тез таслим бўлади. Хатони тўғрилашдан қочади. Бу билан шижоатни сўндириб қўясиз, холос. Асосий кучни хатолардан хафа бўлишга сарфлаш ярамайди. Майли, хато бўлса ҳам жавоб беришдан тортинманг.

Ҳафтада бир кун тил ўрганишга вақт ажратинг, демаймиз. Ҳар куни 30 дақиқадан шуғулланиш кифоя. Шунда ҳам асосий вақтни такрорлашга сарфлаган маъқул. Бу олинган билимларни мустаҳкамлайди. Тез фурсатда яхши натижага эришасиз.

Дониёр АЗИЗҚУЛОВ,

55-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси.

  • 19-03-2019
  • | 28 |
  • № 10