www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

ГУЛЛАР ВА ҚУШЛАР БАЙРАМИ

31-умумтаълим мактабида "Гуллар ва қушлар" байрами нишонланди. Биология ва кимё фан ойлиги доирасида ўтказилган тадбирда ўқувчилар фаол иштирок этишди.

Кўргазмага қўйилган гулларнинг асосий  қисмини ўқувчилар йил давомида парвариш қилишган. Иштирокчилар "Наргис", "Чимён лоласи", "Коллерия", "Амаралис" каби ўсимликларнинг инсон кафиятини кўтарувчи, шифобахш ҳислатларини тилга олишди.

 Мактаб ҳовлисига келтирилган товус, тўтиқуш, кабутар, бедана ва уй паррандалари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Ҳар бир жонзот табиатнинг бир бўлаги, эътиборга муҳтож экани айтилди.

– Экологик маданият, тарбия тушунчаси тобора глобал аҳамият касб этмоқда, – дейди мактаб директори Зафар Аҳмедов. – Атроф-муҳитга бўлган муносабат қачон ўзгаради? Бизнингча, бу тарбия билан боғлиқ жараён. Шу боис мазкур йўналишдаги ишларни кенгайтириш тарафдоримиз.

Кимё фани ўқитувчиси Дилфуза Рафиева лаборатория машғулоти орқали инсон ва табиат уйғунлигини кўрсатиб берди. Фан ютуқларини амалиётда қўллашнинг ижобий таъсири ҳақида сўз юритди.

Ўқувчилар томонидан табиатни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди. Фаол иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди.

Мафтуна МАМАТҚУЛОВА.

***

24-умумтаълим мактабида ҳам фан ойлиги қизиқарли тадбирларга бой бўлди. Амалий машғулот ва кросс­вордлар танловида ғолиблик 9-синф ўқувчиларига насиб этди.

"Камалак" сардорлари эса кекса-фахрийлар ҳолидан хабар олишди. Нуроний отахон Жўрақул Ботировнинг ҳаётий тажрибаси, ўгитларига қулоқ тутди. Табиатни асраш борасида қимматли маълумотларга эга бўлишди.

Зебинисо САФАРОВА.

***

2-умумтаълим мактабида "Мен табиатшуносман" шиори остида тадбир ўтказилди. Юртимиз флораси ва фаунасига оид берилган саволларга 6-синф ўқувчилари батафсил жавоб беришди. Fолиб жамоа китоб билан тақдирланди.

Бекмуҳаммад ЎРОҚБОЕВ. 

***

46-умумтаълим мактабида спорт тўгараклари яхши йўлга қўйилган. Айниқса, бадиий гимнастика турига қизиқувчилар кўп. Спорт мураббийси ўқувчи-қизлар билан алоҳида иш олиб боради. Тўғри йўналиш беради. Бу ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга замин яратяпти.

Зарифа ПЎЛАТОВА. 
  • 20-03-2019
  • | 71 |
  • № 11