www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ҳуснихат – феъл-атворни белгилайди

"Шамолда чайқалаётган қамишни эслатувчи ёзувга эга одамдан қўрқинг", деган эди Конфуций. Бугунги замон графологлари инсоннинг ёзувига қараб, ким эканлигини тахмин қилишади. Негаки, ёзиш қобилияти асаб тизими, феъл-атвор билан узвий боқлиқ.

Нилуфар Каримова учун ҳуснихат машқи дарснинг ажралмас қисми. Унинг фикрича, ахборот технологиялари қанчалик тараққий этмасин,  ёзиш эҳтиёжи йўқолмайди. Сиёҳда ёзилган ҳужжат компьютерда терилган матндан анча чидамли. Қолаверса, ўқувчининг саводхонлик даражаси ҳарф таниш, ёзиш кўникмасини эгаллаш билан ўлчанади.

 – Уч-тўрт ой ичида ҳарф таниш мумкин, лекин чиройли ёзув кўникмасини эгаллаш узоқ муддатли жараён, – дейди 23-умумтаълим мактабининг бошланқич синф ўқитувчиси Н.Каримова. – Баъзан икки-уч йиллаб вақт кетади. Ҳатто учинчи синф ўқувчисининг ёзувига қараб, тугал хулоса бериш ноўрин.

Қалам тутиш эстетик дид, маданиятнинг бир белгиси. Ҳуснихат ёрдамида ўқувчини китоб ўқишга йўналтириш осон. Тез-тез ёзиб туриш мутолаага иштиёқ уйқотади. Хатосиз ёзишга ундайди. Имловий хато билан ёзилган ҳужжат, реклама панноларига кўзингиз тушса, бефарқ ўтолмайсиз. Лекин энди кеч бўлиши ҳам мумкин. Чунки ўша кимсанинг ҳуснихатида нуқсон бор. Гарчи, матн компьютерда терилган бўлса ҳам. Мана шу бефарқлик шахснинг феъл-атворига сингиб боради. Ўқувчилар билан ишлашда буни эътиборга олиш зарур, деб ўйлайман.

Н.Каримова графологияга оид билим ва тажрибаларини амалиётда фаол қўллайди. Бошланқич синф ўқувчилари билан ишлаш жараёнида маълум илмий-педагогик хулосага келган.

Ўқитувчи замонавий фан ютуқларини оммалаштириш истагида. Соҳа вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб боришни мақсад қилган.

Мафтуна МАМАТҚУЛОВА.

  • 20-03-2019
  • | 25 |
  • № 9