www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

ТАЪЛИМДАГИ ЁЗИЛМАГАН ҚОИДАЛАР

Туман халқ таълими бўлимига қарашли 51-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ ўқитувчилари таҳририятга шикоят аризаси ёзди. Уларнинг маълум қилишича, муассаса директорининг бир қатор ғайриодатий ҳаракатлари мактабда таълим-тарбия сифатига салбий таъсир қиляпти.

Ўқитувчилар нимадан норози?

Шикоятда келтирилган важларга эътибор қилинг:

1. Мактаб директори Ш.Маҳрамова ютуқларга эришган, тиришиб ишлаётган ходимлар қолиб, ўзини қўллаб-қувватлаётган тарафдорларига рағбат пули ёзади;

2. Ўқитувчилар маошидан ҳар ой қирқ-эллик минг сўмдан ушлаб қолади.

3. 2018-2019 ўқув йилида ўқувчиларнинг ижара дарсликлари учун ота-оналардан ортиқча маблағ йиғди.

4. Рус тили ўқитувчиси У.Умарова ҳомиладорлик таътилига чиққач, унинг дарсини ўзига расмийлаштирди. Аммо дарс ўтмасдан ойлик олиб келмоқда.

5. Мактабда "Обод қишлоқ" дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлангач, 600 метрга яқин иситиш қувурларини хўжалик мудири, касаба уюшмасининг хабарисиз мактабдан олиб чиқиб кетди. "Ёзув-чизув"­лар бошлангач, қувурларнинг маълум қисми (?) қайтарилди.

6. Машмашалар бошлангач, хўжалик мудири Н.Раҳматова билан Булун­ғур туманининг чекка ҳудудида адвокати ёрдамида ўзига хос "суҳбат" ўтказди. Яъни, хўжалик мудири ўқитувчиларни "босиб қўйишга" кўмаклашиши лозимлиги, акс ҳолда ҳамма айб унга юкланиши ҳақида огоҳлантирилди (мактабларда хўжалик мудирига кассирлик вазифаси ҳам юклатилган).

7. Уч нафар ўқувчини буйруқлар (ўқувчиларнинг ҳаракат) дафтарига киритган. Улар дарсга умуман келмаган, журналга ёзилмаган, баҳоланмаган. Мақсад, улар шаҳодатнома олишида директор манфаатдор бўлади.

18 нафар ўқитувчи имзоси қўйилган.

Улар бошдан Қарши эди

Баъзан бизга ҳақиқат бўлиб туюлган нарса, аслида "саҳналаштирилган" бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас. Балки директорнинг ҳам ҳақиқати бордир. Ҳарқалай, ходимлар аввал бошдан Ш.Маҳрамованинг раҳбар бўлиб келишига қарши бўлган. "Бизга бошқа директор беринг", деб халқ таълими бошқармасига, халқ таълими бўлимига мурожаат қилишган.

Сабаб, унинг аввал ишлаган 50-, 47-умумтаълим мактабларидаги фаолияти ҳақида илиқ гап эшитишмаган экан.

Директор билан учрашдик. Очиғи, муаллимани муаммо ва машмашалар шундоғам чарчатгани кўриниб турибди. Бу унинг илк кайфиятидаёқ зоҳир бўлди.

– Ҳаммаси инглиз тили ўқитувчиси М.Тошмуродова бошчилигида бўляпти, – деди мавзуни англаган Ш.Маҳрамова. – Аризачиларнинг аксарияти унинг қариндошлари, ҳамфикрлари.

Дарҳақиқат, шундай бўлиши ҳам мумкин. Нега М.Тошмуродова директорни ишлатгани қўймаяпти? Савол туғилади: ўзи директор бўлмоқчими?

Дастлаб аризачилар билан суҳбатлашдик. Хўш, 18 нафар имзо эгаси қоғозга ўзи англаб, қўл қўйганми ёки ҳақиқатан ҳам директорни бўшатишга ҳаракат бошланганми?

Ҳаммасига нақд пул сабаб

Н.Раҳматова, хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари. Юқорида айтганимиздек, Булун­ғурда "огоҳлантирилган" ходима. Унга кассирлик ҳам юклатилган:

– Ўқитувчиларнинг маоши одатда пластик карточкага тушади. Аммо ҳар ой уларнинг маоши ҳисобидан ўттиз минг сўмдан эллик минг сўмгача банк­дан нақд пул олганмиз. Пулни тўлалигича директорга олиб келиб берардим. Шундан сўнг ўқитувчилар нақд пул олганлигини тасдиқлаб, қайдномага имзо қўйишарди. Имзони кўпинча директорнинг ўзи хонасига чақириб, қўйдириб оларди.

Охирги марта январь ойига 20 минг сўмдан нақд пул ушланди.

Ҳақиқатан ҳам бу ёзишмалар бошлангач, директор билан Булунғур туманига бордик. Ўша ерда менга ўзини Ш.Маҳрамованинг адвокатиман, деб таништирган одам огоҳлантирди. "Банкдан нақд пулни сен олгансан, кассирлик сени ишинг, бу қонунбузарликка тенг шериксан. Мана, ўқитувчилар нақд пулни олганлиги тўғрисида имзо қўйган, сен ҳам пулни олган, деб туриб олишинг керак. Шунда ҳаммаси яхши бўлади", деди. Мен ўқитувчилар қишлоқдошим, узоқ йил улар билан юзма-юз ишлаганман, туҳмат қилмайман, дедим. Унда менга қийин бўлишини айтди. Ўша ерда икковлари ҳам фарзандларимга (!) муаммо орттириб олишим мумкинлигини қистириб ўтишди. Директорнинг ўзи ке­йинроқ яна СМС ёзиб, таҳдид қилди.

Г.Убайдуллаева, тарих фани ўқитувчиси:

– 2005 йилдан бери шу ерда ишлайман. Авваллари бунақа ойликдан ушлаб қолишлар бўлмасди. Директордан нега бундай бўлаётганини сўрасак, комиссияга, халқ таълими бўлимига, молияга, мактаб таъмирига, деб важ кўрсатяпти. Агар ҳақимизни қаттиқроқ талаб қилсак, босим ўтказади.

А.Раҳматов, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари (аризада имзоси йўқ):

– Мактабда муҳитнинг бузилишига директорнинг ўзи сабабчи. Ҳамма билан ғашиқди, ойма-ой маошимиздан ушлаб қолди.

F.Убайдуллаев, касаба уюшмаси раиси:

– Директор пул йиғишида мавсумий сабаблар бор. Масалан, ўқитувчиларга дарс тақсимланаётганда, молия томонидан дарс соатлари қисқартирилмаслиги учун "йиғиб беришимиз" керак, дейди. Бошқа ҳолатда ўқувчилардан йиғилганидан ташқари, мактабнинг таъмири, пардаси учун ҳам ойлигимиздан ушлаб қолади. Дарсимиз қисқармасин, ойлигимизга таъсир қилмасин, деб кўнишга мажбур бўлганмиз.

Ўқув-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Ў.Шомуродов (аризада имзоси йўқ), ўқитувчилар Ш.Ўталов, Х.Саримсоқова ҳам ойлик маоши ушлаб қолинишидан зада бўлган.

Дарвоқе, ўқув ишлари, маънавият ишлари, хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарлари ҳамда касаба уюшмаси раҳбари директорнинг яхши маънода ишонган, суянган, елкадош, одамлари бўлиши керак! Хўш, нега уларнинг бирортаси ҳам директор томон бўлмаяпти?

Ўқитувчиларнинг айтишича, директор нигоҳи фақат ойлик маошга қаратилмаган. Масалан, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси М.Нурматовага 2018 йилнинг декабрь ойида ёзилган 950 минг сўм рағбат пулиниям олиб қўйган. Худди шундай, инглиз тили фани ўқитувчиси Ш.Нурматовага ҳам 2018 йил май ойига 800 минг сўм рағбат пули ёзилган. Пул пластик карточкасига тушгач, уни директор бир кунга "ижарага" олиб турган. Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Ш.Ҳамроевдан 500 минг сўм, кимё фани ўқитувчиси М.Абдуллаевадан бир марта 200 минг сўм, яна бир сафар 400 минг сўм, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Д.Пармановадан 300 минг сўм ушлаб қолинган. Бундай ҳолатларда кейинроқ сенга бошқатдан рағбат ёзаман, қўшимча дарс бераман, деб айтилган. Аммо ўша "кейинроқ" жуда мавҳум тушунча бўлиб, бунинг маъносини рағбат олувчилар ҳанузгача илғаб олишгани йўқ...

М.Холсаидов 2018 йил август ойида ўзига ёзилган 200 минг сўм рағбат пулини ЖИДДИЙ ТАЛАБ ҚИЛГАНИ учун иш соати қисқартирилган.

Н.Тоғаева, инглиз тили ўқитувчиси:

– Ишга келганимга эндигина уч ой бўлса-да, 2018 йилнинг декабрида директор менга рағбат ёзди. Ваҳоланки, бунинг учун махсус комиссиянинг хулосаси, ўқитувчининг меҳнати, хизмати ҳисобга олиниши керак. Камига ўша рағбат пули – 1 миллион эллик минг сўмни ўзига олиб қолди. Мен шунчаки, имзо қўйиб бердим.

С.Шамсиева, физика фани ўқитувчиси:

– Директор истаган одамини истагандай сийлайди. Ўн йилдан бери шу мактабда ишлайман. Ўқувчиларим билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашган. Лекин рағбат йўқ, бўлсаям, биз фақат имзо қўювчимиз. Яна бир ҳолат, яқинда ўқувчилар билимлар беллашувига бориш учун мактаб ҳовлисига йиғилди. Ўша пайт директор келиб қолиб, уларни дарсда бўлмагани учун қаттиқ ҳақорат қила бошлади. Мен болаларни танловга олиб бораётганимни айт­дим. Шундагина беллашув бўлаётганини эслади. Ўқувчиларим тушкун кайфиятда танловда қатнашди. Болага рағбат, меҳр-оқибат кўрсатмайди. Айрим тез-тез дарс қолдираётган ўқувчиларга танбеҳ бермоқчи бўлсак, "Мен репититорга қатнаяпман. Бунга шахсан директор рухсат берган", деб бизга қулоқ солмай қўйган.

Тошмуродова директор бўлмоқчими?

Дастлаб учрашганимизда, директор шикоятчиларга бош бўлаётган ўқитувчи М.Тошмуродова тарафкашлик қилаётгани ҳақида гапирганди. Бу қанчалик ҳақиқат?

– Аризачиларнинг уч нафари қайсидир томонлама менинг қариндошим бўлиши ёки айримларига таълим берганим табиий ҳолат, – дейди М.Тошмуродова. – Чунки бир жойда яшаймиз, қишлоқнинг ярми бир-бирига алоқадор. Директор ҳалол ишлаганда, бунақа ғалвага ўрин қолмасди. Тўғри, баъзи ёзилмаган қоидалар бор. Мактабга у-бу харид қилиш учун давлатдан пул ажратишларини кутиб ўтириб бўлмайди. Керак бўлса, ўз розилигимиз билан мактабни обод қилишга ҳисса қўшишимиз мумкин. Лекин ўқитувчининг розилигисиз ойлигидан мунтазам ушлаб қолиш, рағбат пулини бермаслик, ҳатто ходим рағбат олганини ўзи билмай қолиши оддий қабул қиладиган ҳолат эмас (Кўпчилик ўқитувчилар қайдномаларда айрим имзолар сохталаштирилганини айтишмоқда).

Бундан ташқари, мана шу ишларнинг "бости-бости" бўлиши учун директор менга пул таклиф қилди.

Хўш, Тошмуродова директор бўлмоқчими? Шуниси маълумки, унинг ойлик маоши директорникидан анча кўп...

Бу фидойиликми ёки...

Аризачилар хатида У.Умарова ҳомиладорлик таътилига чиққач, директор у ўтиб келган рус тили дарсини олди ва ўзи дарс ўтмасдан, ойлик олиб келмоқда, дейилган.

Ҳақиқатан ҳам ўша дарсларни бугунги кунда пенсияда бўлган рус тили фани ўқитувчиси Х.Боқиев ўтмоқда ва ойликни директор оляпти (?!).

– Мактабда кадр етарли бўлмагани учун нафақада бўлсам ҳам дарс беряпман, – дейди Х.Боқиев. ­– ­4-синфларга дарс ўтдим, журналгаям ўзим баҳо қўйдим. Буни шунчаки, касбим тақозосидан келиб чиқиб қилдим. Нафақат директор, балки бошқа ўқитувчи бўлгандаям, ўрнига дарс ўтиб туришим мумкин-ку. Ойликни мен олмаганимга келсак, дарс соатларим шундоғам етарли, менга бундан ортиқ маош белгиланиши мумкин эмас.

Яна бир гап. Мениям ойлигимдан "эл қатори" ушлаб қолинган ва буни табиий қабул қиламан. Чунки директорнинг ҳам ўзига яраша харажатлари бор. Ҳамма нарсани давлат таъминлаб бермайди. Масалан, оддийгина доскага ёзиладиган бўр ҳам пул туради.

Домла Боқиев ҳақ, ўқитувчи ҳамкасбига елка тутиши, фидойилик кўрсатиши табиий. Ҳаммамиз мактабда гувоҳ бўлганмиз. Қайсидир ўқитувчи бетоб бўлса, тўйи чиқса, дарсни бошқаси ўтиб берарди. Аммо бу бош­қа масала. Ойлаб меҳнат қилсангу, индамасанг! Ҳамманинг ҳақиқати бор, бу борада хулоса қилмоқчи эмасмиз.

Директордан эшитинг

Қайтиб директорнинг хонасига чиққанимизда, биз учун тушунтириш хати ёзиб қўйган экан. Унда воқеаларга муносабати баён қилинган.

Қисқача мазмуни:

– Февралнинг ўрталарида мактабда кузатилаётган носоғлом муҳитни бартараф этиш учун М.Тошмуродова билан суҳбатлашдим. Ходимлар билан йиғилиш ўтказиб, англашилмовчиликни бартараф этайлик, дедим. Маҳаллийчилик қилмаслигини, туҳмат уюштирмаслигини сўрадим. Шунда у жаҳл билан ҳеч қанақа йиғилиш ташкил қилмасликни, жамоанинг учдан бир қисмини ўзига оғдириб олганини айтди.

Биз сени қандай бўлмасин лавозимингдан кетказамиз, тегишли жойда гаплашамиз, деб дўқ-пўписа қилди ва эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди.

Шундан буён мактабда носоғлом муҳит.

М.Тошмуродова туман кенгаши депутати. Халқ ишониб сайлаган одам шунақа ишларга бош бўлиши тўғрими?

Шикоят хатларгаям мажбурлаб имзо қўйдирган. Масалан, янгаси М.Эгамбердиева шикоятга имзо қўйишдан бош тортган. Менинг фаолиятимдан мамнунлигини билдирган.

Аризачиларнинг уч нафари М.Тошмуродованинг қариндоши, олти нафари шогирди.

Директорнинг ёзма изоҳи шундан иборат. Шикоят хатида ўзига қаратилган айбловларни рад этишдан нарига ўтмади.

Очиқ қолган саволлар

Ўқитувчилар билан суҳбат асносида мактаб атрофидаги тераклар кесиб сотилгани, ўша маблағ нима учун сарфлангани номаълум эканлиги айтилди. Директор "Теракнинг пулларини мактабни таъмирлашга ишлатдим. Далолатнома қилдик, ҳамма қўл қўйди", деди.

Далолатнома топилмади. Теракларни кесиш бўйича кимга мурожаат қилинган, ким рухсат берган, бу саволларгаям жавоб бўлмади.

Уч нафар ўқувчи ҳақиқатан ҳам жорий ўқув йили бошида буйруқлар дафтарига киритилган. Аммо журналда баҳоланмаган, мактабга келмаган. 7, 22, 23 февраль кунлари уч ўқувчи ҳам бошқа мактабга ўтганлиги сабабли ўқувчилар сафидан чиқарилган.

Қоидага кўра, ўқувчи 72 соат дарс қолдирса, ота-онасига директор хат жўнатиши керак. Бу уч ўқувчи 5 ойдан ортиқ дарс қолдирган. Аммо бирор марта уларнинг ота-онаси директор томонидан безовта қилинмаган...

Мактаб 2008 йилда капитал таъмирланган. Ўша пайтда ўрнатилган 600 метрга яқин иситиш қувурлари ИШЛАТИЛМАГАН. "Обод қишлоқ" дас­турига тушган муассасада айни пайт­да таъмирлаш ишлари кетяпти. Директор "Ўша қувурлар ҳақида далолатнома қилинган, ҳужжатлар сейфда турибди. Сейфнинг калити уйда қолиб кетган. Сизлар бораверингизлар, телеграм орқали ташлаб бераман", деди.

Дарҳақиқат, кўп ўтмай қачон тасдиқлангани кўрсатилмаган иккита далолатнома ташлаб берди.

Унда диаметри 1,80 лик 66 дона – 356 метр, диаметри 4,80 лик 26 дона – 377 метр, жами 730 метр иситиш регистрларидан диаметри 1,80 лик 66 дона – 356 метр иситиш регистри мактабда сақланаётгани айтилган. Ушбу далолатномада айни пайтдаги хўжалик мудири Н.Раҳматованинг имзоси бор.

Аммо иккинчи далолатномада 26 дона иситиш батареялари чириб, яроқсиз ҳолатга келиб қолгани сабаб, муассасадан олиб чиқиб кетилгани кўрсатилган. Туман ХТБ вакили     Б.Ҳайдаров имзо қўйган. Негадир УМУМАН ИШЛАТИЛМАГАН, АММО ЯРОҚСИЗ ҲОЛАТГА КЕЛИБ ҚОЛГАН 377 метр қувурни ҳисобдан чиқаришда амалдаги хўжалик мудирининг имзоси олинмаган.

Бу "жумбоқ"қа ечим топишимизда кўмаклашиши учун халқ таълими масъули Б.Ҳайдаров билан боғланмоқчи бўлдик. Шахсан ХТБ мудири Б.Ўтаевга бу ҳақда маълум қилдик. Мудир ходимнинг биз билан хабарлашишини айтди. Аммо қачонлиги номаълум бўлиб қолди. Биз мудир билан қайта боғлана олмадик.

Ўқувчиларга ижара дарсликлар ҳам ўз нархидан қиммат сотилган экан. Бу учун директор кутубхоначи (собиқ) жавобгар эканлигини айтди.

Иқрорлар

Таълим тизими ислоҳ бўляпти. Буни Президент бошлаб берди. Соҳа вазири Ш.Шерматов дадил ташаббуслар билан чиқмоқда. Ўқитувчи эркин нафас ола бошлади, мажбуриятлардан, қоғозбозликдан қутуляпти.

Хўш, ростдан ҳам шундай дея оламизми?

Ўқитувчи ёзилмаган қоидалардан чиқиб кета оляптими? Бошқа муассасаларда "ушлаб қолишлар" ҳақида гап йўқми? Халқ таълими бўлими, бошқармаси ҳудудларда кадр муаммосини бартараф этяптими? Бу борада чора-тадбирга эгами ўзи? Ёки марказга яқин, нисбатан ривожланган, қулай шароитларга эга Жомбой туманида бўлгани каби рус тили фани ўқитувчилари бошқа жойдаям муаммоми?

Оддий бўр, парта, стол-стулдан тортиб мактаб таъмири, муассасанинг қандайдир дастурга тушишини ким ҳал қиляпти? Қайси мезонга асосан? Нега директорлар гарчи иқрор бўлмаса-да, ўқитувчилар бу ҳақда гапиряпти? Аҳоли йилдан йилга кўпайиб бораётган бир пайтда, синфлар қисқариши ҳақидаги гап қаёқдан чиқди? Қачонгача молия, комиссия, юқори ташкилотимиздан келишди, деб ўқитувчининг ҳамёнига ёпишиш мумкин?! Ўқитувчи ойлигини нақ­д­лаштириш кимга керак? Бундан ким манфаатдор? Умуман, ўқитувчиларнинг ойлик маоши марказлашган ҳолда ҳисоб-китоб қилинаёган экан, мактабга кассир штати керакми?

Бундан ташқари, соҳанинг юқори бўлим-бошқармалари ўқитувчилари олдиндан норози бўлиб турган даврага ўша директорни тайинлашда нимани ҳисобга олишди? Арз қилиб борган ўқитувчиларга "шаҳар кўчаси"ни кўрсатиб қўйиш ўрнига, "Бугун ўқитувчининг қадри ошди, соҳага эътибор ҲАҚИҚАТАН ҳам бўляпти, аввало сизларнинг истагингизни биз, соҳа масъуллари, курсида ўтирганлар ўйлашимиз керак. Шунда бошқа давлат идоралари ҳам ҳурматингизни қилади", дейишса бўларди-ку!

Ўзимизни ўзимиз ҳурмат қилмас эканмиз, ҳаммаси чўпчак бўлиб қолаверади.

Умид қиламизки, соҳа масъуллари бу борада ўз хулосаларини айтишади.

Исомиддин ПЎЛАТОВ.
  • 13-04-2019
  • | 60 |
  • № 11