www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Бахтли болалар маскани

"Қалдирғоч" доимий оромгоҳи катта ўзгаришлар билан фаолият бошлади. Қизиқарли машғулот ва учрашувлар болажонларнинг мазмунли ҳордиқ олишини таъминлаяпти.

Бу маскан ўзининг мафтункор табиати билан ажралиб туради. Чор атрофидан оқиб ўтувчи булоқ сувлари, соя-салқин боғларнинг тарифи йўқ. Ўтган йили очиқ сув ҳавзаси ҳам бунёд этилган экан. Ёпиқ ювиниш хонаси ишга тушибди. Хуллас, ўқувчиларнинг маданий ҳордиқ олишидан ташқари, сузиш билан шуғулланиши учун қулай шароит яратилган.

- Бу ҳали ҳаммаси эмас, - дейди оромгоҳ директори Алишеп Дўсатов. -  Ошхона ва ётоқхона жиҳозларини тўлиқ янгиладик. Замонавий музлаткич ва қўшимча компьютерлар келтирилди. Энг муҳими, озиқ-овқат етказиб бериш таъминоти яхшиланган. Қўғирчоқ театри, туман маданият бўлимининг мусиқий дастур ва чиқишларидан болажонлар мамнун.

 Оромгоҳнинг кун тартибидан баскетбол, волейбол, футбол, теннис, шахмат-шашка каби спорт машғулотлари ҳам ўрин олган. Спорт майдончаси болалар билан гавжум. Кутубхонадаги шароит, жавон тўла китоблар киши ақлини шоширади. Таътилда ҳам уй вазифаларини унутмаган ёшлар учун мураббийлар кўмак бермоқда. Кутубхонадан унумли фойдаланиб, дарс қилишяпти. Тушдан сўнг, тиббий кўрик бошланди. Демак, уларнинг саломатлиги ҳам доимий назоратида. 

Ёзги соғломлаштириш оромгоҳи уч даврада фаолият юритмоқда. Шароитлар билан танишар эканмиз, бир нарсага амин бўлдик. Юртимиз болалари чиндан ҳам бахтли. Сўлим маскан узра янграётган шодон кулгулар буни тасдиқлаётганга ўх-шарди.

Бурхон ОСТОНОВ.

  • 01-07-2019
  • | 66 |
  • № 21