www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

РУСЛАРНИНГ РОСТМАНА РОБИНЗОНИ

Машҳур ёзувчи Даниел Дефонинг "Робинзон Крузо" асарини билмаган киши бўлмаса керак. Бу асарнинг яратилишига шотландиялик денгизчи Александр Селькирлининг ҳаёти асос бўлган экан. Муаллиф ке­йинчалик ҳаётий воқеликни бадиий тўқимага айлантирган.

"Робинзон Крузо" асари дунё юзини кўрганидан 128 йил ўтгач, бир рус денгизчисининг ҳаётида ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берган. "Рус Робинзони"ни оммага танитган ёзувчи Александр Сибиряков бўлди. Унинг 1882 йилда эълон қилинган мақоласида Санкт-Петербурглик ҳарбий-денгизчи Сергей Петрович Лисыциннинг етти ой кимсасиз оролда кечган ғаройиб тақдири ҳикоя қилинади.

Рус армияси зобитининг ўғли бўлган ёш Сергей ота-онасининг вафотидан сўнг холасининг қўлида улғаяди. Университетнинг математика факультетига ўқишга киради ва фан номзоди илмий даражаси билан тамомлайди. Аммо уни ўқитувчилик ҳам, илмий фаолият ҳам қизиқтирмасди, бирдан-бир орзуси отасига ўхшаб ҳарбий бўлиш эди. Шундай бўлди ҳам, олийгоҳни тамомлагач, ҳукумат гвардияси сафига кичик зобит сифатида хизматга кирди.

Сергей Лисыцин ўзини асилзодалардан ҳисобларди. Бинобарин, феъл-атворида қўрслик ва димоғдорлик устунлик қиларди. Бир куни полк адьютанти билан юзага келган келишмовчилик сабаб у ҳарбий либосидан мосуво бўлади. Лекин орадан кўп ўтмай, аляскалик қариндошларининг кўмагида бир кемадан иш топади. Унинг ҳарбий-денгизчилик фаолияти шу тариқа бошланади.

Аввал бошда Сергейни кема жамоаси илиқ кутиб олганди. Қўполлиги ва ўзига ортиқча бино қўйиши оқибатида тез орада экипаж назаридан қолади. Ҳатто бир куни қўмондонга ҳам ҳурматсизлик қилгач, жазо сифатида каютага қамаб қўйишади.

Денгизчилар учун энг оғир жиноят кемада исён кўтариш саналади ва шавқатсиз жазоланади. Ҳибсда ўтирган Сергей Лисыцин ана шундай хатога йўл қўйди: соқчи-матросларни исёнга даъват этди. Бу қилмиши учун қўмондонлик уни атрофдаги кимсасиз ороллардан бирига "бадарға" қилади. Қоидага мувофиқ унга бир сидрадан кийим-кечак, пойабзал, чўнтак соат, йиғма пичоқ, чойнак-пиёла, идиш-товоқ, бир пуд қоқ нон, чой, шакар, устара, гугурт, қалам-қоғоз, тамаки, қурол-аслаҳа ва озроқ пул қолдиришади. Шунингдек, буюмлар ёнига хат ҳам қолдиришган экан:

"Ҳурматли Сергей Петрович! Бу жазони ўзингизга ўзингиз тилаб олдингиз. Денгизчилар қонунига кўра, сизнинг қилмишингиз ўлим жазосига лойиқ эди. Ёшлигингиз ва ажойиб истеъдодингиз, яна ҳам тўғрироғи, раҳмдиллигим сабаб олий жазо бермадим. Умид қиламанки, ёлғизлик ва муҳтожлик феъл-атворингиздаги қусурларни аритади. Агар тақдир бизни қачондир яна рўбарў қиладиган бўлса, Сиз билан душман эмас, дўст сифатида учрашишни истайман", деб ёзилганди мактубда.

Жафокаш "Робинзон" Алеут ва Курилл ороллари ҳудудида, Охота денгизи ва Тайга ўрмонлари исканжасида эди. Бундай вақтда тушкунликка тушиш фақат ҳалокат келтиради. Ақл-идрок билан иш тутиш эса омон қолишнинг ягона чораси. Буни яхши англаб етган Лисыцин бир ҳафталар қаттиқ меҳнат қилиб, бошпана ва кундалик рўзғор учун шароит яратиб олади. Ўқ-дорилардан оқилона фойдаланиш мақсадида ўқ-ёй ҳам ясайди. У ҳар куни тирикчилик учун балиқ тутар, парранда ва майда ҳайвонлар овларди. Ёлғизлик унга меҳнат, бошқаларни ҳурмат қилиш ва қадрлашни ўргатди. Феълидаги олифта, киборлик тобора тарқалиб кетди.

Кунларнинг бирида қирғоқ бўйлаб сайр қилиб юрган Сергей Лисыцин юзтубан ётган одамга дуч келади. Дарҳол кулбасига олиб келиб, ёрдам кўрсатади. Худди асардаги "Жумавой" каби "Робинзон" ҳаётида пайдо бўлган бу кишининг исми Василий экан. Унинг айтишича, 16 ёшли ўғли билан Аляскага кетаётганида кема ҳалокатга учрабди.

Василий ўзига келгач, икковлон унинг ўғлини излаб кетадилар. Кўп ўтмай қирғоққа яқин жойдан уни топишади ҳам. Шунингдек, ҳалокатга учраган кемада бўлган икки ит, саккизта сигир, ҳўкиз, мушук ва йигирма олтита қўй, озиқ-овқат захираси, турли иш қуроллари, кема замбараги, телескоп, иккита узун дурбин, самовар ва бир қанча дон ҳам қўлга киритилади. Аста-секин Сергей Лисыциннинг ғариб ҳаётига мазмун киради.

Кунларнинг бирида давлат чегараларини кўздан кечириб юрган рус флоти ҳарбий кемаси орол яқинидан ўтиб қолади ва "ёввойи"ларга дуч келади. Шу тариқа кимсасиз оролдаги дарбадарлик барҳам топади.

Сергей Лисыцин дастлабки кунлардаёқ оролда олтин ва мис конлари борлигини аниқлаган эди. Ортга қайтгач бу ҳақида ҳукуматга хабар берди. Кейинчалик, конлар иш бошлагач бошқарувчи сифатида тайинланади. Василий ҳам у билан бирга ишлай бошлайди. Ўғли эса Москва университетига ўқишга киради.

Йиллар ўтиб бой-бадавлат кишига айланган С. Лисыцин ўзининг маънавий "тузалиши" ва муваффақиятлари сабабчиси бўлган кема қўмондонини излаб топади, ўзининг самимий миннатдорчилигини изҳор қилади. У қўмондоннинг олдида умрбод қарздорлигини яхши англарди. Қўмондон вафот этгач, унинг икки фарзандини қарамоғига олади ва уларга ғамхўрлик қилади.

"Рус Робинзони" учун кимсасиз оролда ўтган етти ой саргузаштларга бой бўлиш билан бирга, яшаш учун кураш, руҳан покланиш ва тарбия воситаси ҳам бўлган.

Ёқуб АМИНОВ

таржимаси.

  • 10-04-2017
  • | 298 |
  • № 12