www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Тинчликка таъзим

Жаҳон адабиётининг йирик намояндаси Эрих Пауль Ремарк 1898 йил 22 июнда Германиянинг Оснабрюк шаҳрида дунёга келган. Бўлажак адибнинг отаси Петер Франц матбаачилик ва китоб саҳифалаш билан шуғулланар, бу эса ёш Эрихга Стефан Цвайг, Томас Манн, Фёдор Достоевский, Марсель Пруста, Иоган Гёте каби жаҳон нас¬ри классиклари ижоди билан танишишга имкон берарди.

Ремарк 1904-1915 йилларда диний мактабда, кейинчалик католик семинариясида таҳсил олади. 1916 йилда ҳарбий хизматга чақирилади. Ўша кезларда бутун дунёни Биринчи жаҳон уруши ваҳшатлари чулғаб олганди.

Уруш кўксида ижодкор юраги уриб турган Ремаркнинг қарашларини ўзгартириб юборди. Оғир ярадор бўлиб қайтгач, лоқайд ҳаёт кечиришга кўниколмади. Адибнинг онаси Анна Мария 1917 йилда вафот этгач, унинг номини тахаллус сифатида қабул қилиб, ижод қилишга киришди.

Кўп ўтмай унинг "Уфқ бекати", "Fарбий фронтда ўзгариш йўқ", "Қайтиш" романлари эълон қилинди. Айниқса, "Fарбий фронтда ўзгариш йўқ" романи адибга катта шуҳрат келтирди. Романда уруш дастидан маънавияти емирилган, руҳи шикаста авлод ва бегуноҳ қурбон бўлганларнинг аччиқ қисмати ҳикоя қилинади. Уруш оловини ёққан кимсалар қилмиши фош этилади.

Роман 1930 йилда Нобель мукофотига номзод сифатида кўрсатилди. Афсуски, бир йил ўтиб нацистларнинг қатъий қаршилиги сабаб номзодлик бекор қилинади. Муаллиф эса 1932 йилда айнан шу романи учун немис фуқаролигидан маҳрум этилиб, ватанидан қувилди. Чунки, роман бошдан охиригача урушни лаънатлаш, инсониятни тинчлик учун бирлашишга чақириш руҳида ёзилган эди. Фашистик мафкура эса янги жаҳон уруши оловини ёқишга тараддуд кўрарди. Шу сабаб бутун Германияда унинг китоблари оммавий ёқиб юборилди. Ўзи эса Ватан хоини, деб эълон қилинди.

Ватандан бош олиб кетган Ремарк аввал Швейцарияда, сўнгра Америка қўшма шататларида истиқомат қилди. Муҳожирлик йилларида "Уч оғайни", "Ҳаёт учқунлари", "Лиссабондаги тун" каби дурдона романларини яратди. Бу асарларда урушнинг инсоният бошига келтирган мислсиз кулфатларини қуюқ бўёқларда чизиб берди. Унинг ҳар бир асарида тинчликка чуқур эҳтиром руҳи сезилиб туради.

1943 йил 16 декабрь куни Германия фашистлари Эльфрида Шольц исмли мушфиқа аёлни қатл этишди. Унинг ягона айби бутун вужуди билан урушга қарши бўлган тинчликсевар адибнинг синглиси бўлгани эди. Гитлерчилар ўша вақтларда АҚШда истиқомат қилаётган Эрих Мария Ремаркка синглисини суд қилиш ва қатл харажатларини қоплаш учун бадал пули юборишини талаб қилиб нома юборишади. Бу тинч¬ликсевар инсон шаънини очиқча таҳқирлаш эди. Аммо Ремарк бу ҳақда уруш тамом бўлгачгина хабар топди. 1952 йилда эълон қилинган "Ҳаёт учқунлари" романини синглиси мисолидаги жаҳолат қурбони бўлган бокира қизлар хотирасига бағишлади.

Урушдан сўнг ҳам Эрих Ремарк ижоддан тўхтамади. Янги урушларни олдини олиш, дунё халқларини эзгулик, дўстлик, бирдамликка чақириш руҳидаги қатор асарлар яратди. 1958 йилда Швейцарияга қайтиб, Полетт Годдар исмли аёл билан турмуш қурди.

1964 йилда Германиядан махсус ташриф буюрган делегация адибга фахрий медаль топширди. 1967 йилда эса ГФР ордени билан тақдирланди. Шунга қарамай, умрининг охиригача ватанига қайтиш ва немис фуқаролигини тиклашга рухсат беришмади. Швейцария ҳукумати 1968 йилда адиб таваллудининг етмиш йиллиги муносабати билан фахрий фуқароликка қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Эрих Пауль Мария Ремарк 1970 йил 25 сентябрь куни вафот этди. У ўлмас асарлари билан жаҳон тинчликсевар халқлари қалбида мангу қолди.

Орифжон ОДИЛОВ тайёрлади.

  • 20-06-2017
  • | 320 |
  • № 20