www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Одми кўйлак баҳоси

Тақдир экан, отадан эрта етим қолдик. Турмушнинг бор машаққатларини елкасига олган онамнинг бирор марта ношукурлик қилганларини эслолмайман. Аксинча, ҳар бир ўтаётган кун учун шукрона қилиб яшашни у кишидан ўрганса арзирди. Ўша ташвишлардан қутулиб, фарзандлар, неваралар ардоғида яшаш фурсати келганди-ю аммо...

Мана шу “аммо” деган аламли сўздан бир умр сабоқ чиқариб яшаяпман. Гарчи меҳр, қадр тушунчалари аллақандай буюм ёки матоҳ билан ўлчанмаслигини билсам ҳам.

Хотин-қизлар байрами арафаси эди. Дугонам билан ишдан чиқиб, бозор айлангани бордик.

– Яқинда байрам. Биргаликда бозорга тушганимиз шундан, – гап бошлади у. – Чиройли совғалар танлашга кўмаклашдинг. Кел, ўзинг ҳам  бирор нима олгин.

–Бозорга чиққан сен бўлсанг. Ёлғиз бормай, деганинг учун раъйингни қайтармадим. Керагича олган бўлсанг юр, қайтамиз. Кеч тушиб қолди.

– Нега, ахир сен-чи?

– Нима мен?

– Ҳар ҳолда ёлғизмассан. Уйда онанг бор. Байрам арафасида бирор совға олиб борсанг кўнгли кўтарилиб, хурсанд бўлармиди, дейман-да.

– Йўқ, бошқа сафар. Нақд пулим камроқ эди. Бунинг устига онамни яхши биласан-ку. Совғани хушлайверадиган инсон эмаслар.

Мен ҳар қанча пайсалга солмай, у барибир айтганини қилдирди. Бир кўйлаклик одмироқ мато олиб, уйга кириб бордим. Айтганимдай бўлди. Онам қанчалик қувонди билмадим. Аммо “Нима қилардинг овора бўлиб, қизим”, деди-ю бошқа сўз айтмади. Фақат кўзларини  анча вақт совғадан узолмай қолганди.

Эҳтимол, ич-ичидан суюнгани учун шундай бўлгандир (Чунки онамга келганда совға-саломдан бироз қисинадиган фарзанд бўлганимни вақт ўтиб англаяпман). Кейин билсам, ана шу одми мато волидамга илинган энг сўнгги, арзимас туҳфам бўлган экан...

Бугун яна маош олдим. Бозорнинг энг олди, қимматбаҳо совғасини олишга қурбим етади, аммо... Мен бугун она бўлиб, ўша юкни, залворни юракдан ҳис этгачгина, жони жаҳонимни беришга тайёр инсонимни  излайман. 

Чуқурроқ ўйлаб қарасам, ўша “аммо”ларга фурсат қолдирмай яшашнинг ўзи  бир саодат экан, аслида.

Зарифа МАҲРАМОВА.
  • 23-09-2017
  • | 279 |
  • № 31