www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Румийни ўқиб

Бийдай саҳро. Қилт этган шамол йўқ. Қуёш атроф-жавонибни қовжиратмоқда. Барханлар оралаб базўр юраётган отнинг оёқлари тиззасигача қумга ботиб-ботиб кетади. От терга ботган, энтикиб-энтикиб нафас олади. Устидаги суворий ҳам отга монанд. Юзи саҳро шамолларида қорайган, тарам-тарам ажинлар унинг умри йўлда ўтганлигидан гувоҳлик беради.

От нафас ростлаш учун тўхтади. Суворий ҳам отни юришга қичамади. Қўллари билан кўзини қуёшдан пана қилганча атрофга кўз югуртирди. Ҳеч бир зоғ йўқ. Бироз дам олишга қарор қилиб, эгар устида мизғиган бўлди. Хаёлан ёшлигига қайтди. Мана ўша ҳовли. Оғайни-қариндошлари уни гижинглаб турган тойга миндиришди. Белбоғига турли қийматдаги пулу тангаларни тугиб, белига боғлашди. Бозордан нималар олишни қайта-қайта уқтириб, йўлга кузатишди.

Йўл эса узоқ, туганмас. Умрида бозорни кўрмаган йигит шошиб қолди. Гўзал ва турли рангларда товланувчи нарсаларни кўриб, оғзи очилиб қолди. Улардан кўнгил узолмай, бозорликка аталган пулларга қимматбаҳо матолардан харид қилиб, оти устига ёпди. Ўшанда у кўзига дунёдаги энг учқур тулпор бўлиб кўринди. Ҳали отим билан кўплаб кўпкариларда ютуқни фақат мен оламан, деб кўнглидан ўтказди. Бозорга нега келганини унутиб, отини парваришлади, ўзи емай-ичмай отни едириб ичирди. От бирам уч­қур бўлдики, бирам дулдул бўлдики, на тизгинга кўнади, на қамчидан ҳуркади. Эҳ-ҳе, неча-неча давраларда суҳбатларни қизитган ҳам шу отнинг таърифи бўлди. Пишқириб турган бу отнинг гулдураб кишнаши баланд тоғлар орасида қуюндай елиб юрган неча-неча бияларнинг оромини ўғирламади дейсиз...

Йўл эса олис, суворий манзилни аниқ билмаса-да, яқин қолганлигини ҳис қилади. Секин кўз очиб, қалтироқ қўллари билан отни юришга ундайди. Лекин қайси томонга юрсин? Ахир йўлдан адашганлигини, хуржуни олиши лозим бўлган нарсалар билан эмас, балки отнинг рангбаранг ёпинчиқларию тилла суви югуртирилган асбоблар билан тўла эканлигини уни кутаётганларга қандай тушунтиришини ўйлаб кўнгли ғаш. Лекин барибир юриши, тўхтамаслиги керак. Қуёш эса қиздирмоқда.

Суворий яна ёшлигини, уни кузатишаётганда нималарни уқтиришганини эслашга ҳаракат қилди. Элас-элас нималарнидир, ҳа, нималарнидир эслагандай бўлди. У ортига қаради, Ортга қайтишнинг имкони бўлмаса-да, жуда-жуда қайтгиси келди. Отнинг пишқиришидан ўзига келди. Одатда қум бўрони туришидан олдин отининг тўсатдан титраб, терга ботишини у ёшлигидан яхши билади. Тўсатдан иссиқ шамол туриб, тишлари орасида қум доначалари ғичирлаганлигини сезди. Кутилмаганда от мункиди, суворий от устидан учиб кетди. Шошиб отни тур­ғизишга уринди. Кучи етмади. Ноилож, қўллари билан қум бўронидан кўзини пана қилганча судралиб олдинга интилди.

От сўнгги бор хўжаси ортидан эргашмоқчидек бошини кўтарди. Унинг секин ўчиб бораётган қорачиқларида қум бўронига сингиб бораётган шарпа элас кўрингандек бўлдию ҳаммаёқни қоплаган йўқлик қарига сингиб кетди.

***

Изоҳ: Румий таъбири бўйича дунё – от охури. Вужудимиз – от. Суворий -руҳимиздир. Улар бир-бирисиз яшай олмайди.

Руҳимиз ҳали вужудимизга жойланмасдан олдин унга биз яшаётган дунёга, яъни БОЗОРга бориб, харидори кам бўлиб, пештахта остида чанг босиб ётган керакли нарсаларни -ҳалоллик, меҳрибонлик, ватанпарварлик, садоқат, билим, яхшилик, ростгўйлик, эзгулик каби хислатларни эгаллаш вазифа қилиб берилган. Уларни эгаллаш (сотиб олиш) учун пул (каттароқ пул – йил, ўртачаси – ойлар, кичикроғи – кунлар, чақалари – соатлар) берилган.

Дунёга (бозорга) келгач эса суворий уларни унутиб, ялтироқ нарсаларга (ёлғон, маишат, кайф-сафо, хиёнат, лаганбардорлик кабилар) пулини, яъни умрини сарфлайди. Умрини руҳ тарбиясига эмас, балки вужуд тарбиясига бағишлайди. (Кийинади, еб-ичади, маишат қилади). Яралишдан асл мақсад унутилади. Қачонки умр машинаси охирги бекатга яқинлашгач, асл вазифа эсга тушади. Аммо энди кеч бўлган бўлади.

Толиб ЖЎРАЕВ,

доцент.

  • 10-02-2018
  • | 282 |
  • № 5