www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Уйга қайтиш

Одатдагидай

Телефон жиринглади:

– Ўғлим, яхшимисан?

– Шукур, ёмонмас. Биласизку, ишларим кўп.

– Тушунаман, болам. Вақтингни олмай. Ҳаво анча совуб қолди, қалинроқ кийинганмисан, ишқилиб?

– Ҳа, қалин кийиндим. Куни билан кўчада бўламан, ишдан кеч қайтаман, биласиз-ку!

– Биламан, ўғлим, биламан. Одам ҳам қариган сари эзма бўлиб қоларкан-да. Майли, қўявер, йўлингда эҳтиёт бўл. Машинани секинроқ ҳайда. Оч юрма...

Телефоннинг "қизил тугмаси"ни дастлаб ўғил босади, одатдагидай.

Бу пайтда қишлоқда совуқ ҳам қаттиқроқ эди. Она печкага ўтин қалаш учун бироз аввал ҳовли этагидан қолган-қутган хас-чўпни йиғиштириб келганди...

 

Маҳси

Эртага 8 февраль. Боришим керак. Шу сафар албатта боришим шарт. Ўтган йили бироз оғрингандек бўлгандилар. Нима олиб борсам? Аслида сов­ғани унчаям хушламайдилар.

Қишда маҳси маъқулроқ. Таҳорат олишга ҳам қулай... ҳар қалай бобой одам.

Ким бўлди бу яна?!

– Ассалому алайкум ...... ......вич! Хўп, хўп, хўп бўлади! Қачон? Эртага? Хўп-хўп! Тушундим, муаммо бўлмайди! Раҳмат.

Аттанг! Нима қилсам энди?

Маҳсини бирор танишдан бериб юборсам-чи...

 

Имкон

8 февраль.

Кеча онамнинг овози анча ҳорғин эди. Телефонни бекор ўчирдим. Унчалик ҳам бандмасдим-ку. "Катта"нинг кўнглини билай, вазиятга қарайман...

***

– Қойилман, ука. Кутмагандим. Бир кунда эплашингизни кутмагандим. Яхши шароит бор эди, укахонларимизга тайинлаб қўйгандим, эртага қайтаверсангиз ҳам бў­ларди. Хурсанд қилдингиз лекин. Ишни "беш" қилибсизу негадир хомушроқсиз?

– Эътибор қилманг ака, йўл бироз чарчатди.

Бошлиққа "вич"дан кўра "ака" кўпроқ маъқул келарди. У ҳам қишлоқ йигити. Қаршисидаги ходими ўзига нималарнидир эслатди. Бир дардлашгиси келди.

Улар хонадан чиқишаркан, бошлиқ йигитнинг елкасига қўлини қўйди: "Ота-она ғанимат, укам. Вақтида биз буни билмадик. Яшанг, кам бўлмайсиз, мендан салом айтинг. Дуо қилишсин!"

***

– Хотин, ҳозир етиб бораман. Тайёр туринглар, қишлоққа кетамиз.

Аёл турмуш ўртоғининг характерини яхши биларди. Болаларини уйғотишга шошилди. Соат кечки 23:00 га яқинлашган. Ҳеч қиси йўқ, бир-бир ярим соатда етиб олишади...

Қишлоқда чироқ ўчган экан. Набираларини бағрига олган бобо ва момонинг наздида уй ёришиб кетгандек бўлди.

Эртаси куни бир машина кўмир қишлоққа етиб борди. Дарвоқе, маҳси ҳам!

Исомиддин ПЎЛАТОВ. 

  • 10-02-2018
  • | 302 |
  • № 5