www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Халқ шоирининг жомбойлик дўсти

Бундан 20-25 йил аввал бизнинг Наймантепа маҳалламизда Бўрибой Норқулов деган фотомухбир бўларди. Уйланиб, бола-чақали бўлгач, тақдир тақозоси билан Жиззах вилоятининг Дўстлик туманига кўчиб кетган, республиканинг қатор етакчи газеталарида фотомухбир бўлиб ишлаган. Ака-ука, ёру дўстларини кўргани ҳар гал қишлоққа келганида, у билан ижод ҳақида, адабиёт ҳақида узоқ суҳбатлашардик. 2008 йилда Бўрибой Норқулов юрак хуружидан вафот этди.

Бўрибой ака чўрткесар, дангал инсон эди. У кишининг қайниси Бурҳон Ўринов ҳозир Жомбой тумани марказий шифохонасида ишлайди.

Яқинда нима бўлди-ю, шу шифохонага тушиб, бир муддат даволанишимга тўғри келди. Бур­ҳон поччаси ҳақида гапира туриб, унинг Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг яқин дўсти бўлганини айтиб қолди. Тўғриси, даст­лаб бу гапга унчалик ишонмадим. Аммо, дўхтир Бўрибой Норқуловнинг таниқли шоир билан ёшликда, "Артек" болалар оромгоҳида бирга тушган суратларини, "Ишонч" газетасининг 2006 йил, 11 февраль сонида эълон қилинган "Армон" номли мақоласини кўрсатганидан сўнг бу дўстликка ҳавасим келди.

"Артек"да бошланган дўстлик

Ҳа, уларнинг дўстлиги бундан роппа-роса ярим аср муқаддам, яъни 1968 йилда, собиқ иттифоқнинг энг нуфузли болалар оромгоҳи "Артек"да бошланган экан. Ўшанда уларнинг иккови ҳам 14 ёшли ўспирин эдилар.

…Нима бўлади-ю, ўша кунлари оромгоҳда ёш шоирларнинг кўрик-танлови ўтказилади ва унда Самарқанд вилояти, Булунғур тумани, Туркман қишлоғидан келган Бўрибой Норқулов пахта ҳақидаги шеъри билан иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллайди. Андижонлик ўспирин Муҳаммад Юсупов эса рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлади. Шу кундан бошлаб шеър, ижод иштиёқи уларни бир-бири билан мустаҳкам боғлайди. Ҳордиқ кунларининг ҳар дақиқаси мушоира, мулоқот билан ўтади. Икки дўст бир-бирига ҳаётда ҳамма вақт елкадош бўлишга ваъдалашиб, хайрлашадилар. Ўрта мактабни битиргунга қадар улар хат ёзишиб туришади. Аммо кейин ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, бу алоқа узилиб қолади.

Орадан йиллар ўтиб, андижонлик ўша ўспирин Муҳаммад Юсуф номи билан машҳур шоир бўлиб етишади. Унинг ижоди юксак эътироф этилиб, Ўзбекистон халқ шоири унвонини олади.

"Даракчи" газетасининг 2000 йил, 4 май сонида шу газета мухбирининг халқ шоири билан суҳбати эълон қилинади. Унда Муҳаммад Юсуф ёшлик йилларини эслар экан, бир пайтлар булунғурлик Бўрибой исмли дўсти бўлганини, уни 32 йилдан бери излаб тополмаётганини айтади. Мана ўша суҳбатдан парча.

Савол: – Раҳматли дадангизнинг айтишича, сиз жуда ёшликдан шеър ёза бошлаган экансиз.

Жавоб: – Тўғри, мен мактабда ўқиб юрган чоғларимдаёқ шеър ёзардим. Мени "Артек"ка юборишди. У ерда танлов бўлганди, булунғурлик Бўрибой деган дўстим ўз шеъри билан қатнашиб, биринчи ўринни олганди. Мен ўрин ололмадим. Шундан кейин анча йиллар шеър ёзмай кетдим. Ўша дўстимнинг кейинги тақдири менга номаълум. Уни ҳамон излаб тополмайман.

Шу ўринда бир кичик изоҳ. Шоир болаликдаги дўстини анча вақт тополмаслигига асосий сабаб, Бўрибой Норқулов туғилиб камолга етган Туркман қишлоғи 1968 йилда Булунғур туманига қарашли эди. Кейинроқ эса Жомбой тумани ташкил этилиб, бу қишлоқ Жомбой тумани ҳудудига кирди. Ўша йиллари Бўрибой аканинг отаси Нор­қул бобо қишлоқда от араваси билан керосин, солярка сотарди. У киши дўсти Муҳаммаджонга "отамни Норқул заправкачи дейишади" деб айтганди. Бундан ташқари, қишлоқ мактаби ҳам у вақтда 119-рақам билан юритилган, Жомбой тумани ташкил этилганидан сўнг эса 6-мактабга айланган эди. Шунинг учун Муҳаммад Юсуф ҳар гал Самарқандга келганида Булунғур туманидаги 119-мактабни, "заправкачи" Норқул бобони суриштираверган. Аммо янги туман ташкил этилиб, номлар ўзгариб кетганини у кишига ҳеч ким тушунтирмаган.

ўшакни Бўрибойга бер!"

…Газетани ўқиган Бўрибой аканинг қайнонаси бу хабарни унинг қишлоққа келин бўлиб тушган қизларига етказади. Ўша йилларда "Ишонч" газетасининг Жиззах вилоятидаги мухбири бўлиб ишлаётган Бўрибой Норқулов "Армон" номли мақоласида бу ҳақда шундай хотирлайди: "…Газетадаги суҳбат, мақолани ўқиб дастлаб, рости ишонмадим. Мақолани қайта-қайта ўқийман, ҳаяжон босади, хаёлларим олис ёшлик йиллари сари етаклайди. Дўстларим манзилгоҳлари ёзилган ён дафтарчамни варақлайман. Унда битилган манзилгоҳни, "Юсупов Муҳаммаджон" деган ёзувни кўриб, ўз-ўзимдан уялиб кетдим…"

Шундан сўнг Бўрибой ака дўстини йўқлаб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига боради ва у ердан Муҳаммад Юсуфнинг манзили, уй телефони рақамини олади. Қувонч, ҳаяжонини яшира олмай, ҳамкасби, "Мулкдор" газетасининг бош муҳаррири Миродил Абдураҳмоновнинг олдига бориб, шоир билан ёшликда тушган суратларини кўрсатади. У киши дарҳол Муҳаммад Юсуфнинг уйига қўнғироқ қилади ва унга 32 йилдан буён излаётган дўстининг топилганини айтади. Хушхабарни эшитган шоир муҳаррирнинг гапини бўлиб "Гўшакни Бўрибойга бер", дейди.

"…Кўп гаплашмадик. Дўстим уйига тез етиб боришимни сўради. Машинада кетяпман, юрагим алланечук бўлиб боряпти. Қанийди, тезроқ бориб, содиқ дўстимни бағримга боссам, дейман. Мана, ва ниҳоят, унинг уйидаман…

Шу куни алламаҳалгача дийдорлашиб чиқдик. Бир-биримизнинг суҳбатимизга тўймаймиз. Дам ёшлик йилларимизни эслаймиз, дам кейинги ҳаётимиз билан қизиқамиз, оиламиз, ишларимиз ҳақида гаплашамиз. Шу учрашувимиздан сўнг бир муддат борди-келди қилдик. У ёш ижодкорларнинг меҳрибон устози эди. Зомин анжумани усиз ўтмасди. Ҳар гал Жиззахга келганида албатта, мени йўқларди. Гурунгимиз фақат ижод ҳақида бўларди. Кўпинча менинг қистовим билан шеър ўқиб, мендан ҳам шеър ўқишимни сўрарди. Шоирликка даъво қилмайман, десам, кулиб, сиз ўз шеърингиз билан ёшликда бутун жаҳон болаларини лол қолдиргансиз, деб қўярди", дея хотирлайди Бўрибой ака.

Шундай қилиб, узоқ айрилиқдан сўнг болаликдаги дўстлар яна топишадилар.

Меҳр қолур, муҳаббат қолур...

Бўрибой аканинг хотирлашича, қайта учрашганларидан сўнг у шоир дўстининг Марҳаматдаги уйида кўп бор меҳмон бўлган, Энахон аянинг қўлидан чой ичиб, у кишининг суҳбатларини олган.

…2001 йил, июль ойининг сўнгги куни. Болаликдаги қадрдон дўсти, Халқ шоирининг вафоти ҳақидаги қайғули хабар унинг минглаб мухлислари қатори Бўрибой Норқуловни ҳам ларзага солди. Ўша кунлари шифохонада даволанаётган Бўрибой ака дўстининг дафн маросимига боролмади.

Кейинчалик у кишининг бевосита саъй-ҳаракатлари билан Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги 19-умумтаълим мактаби ҳовлисига Муҳаммад Юсуфнинг мармар бюсти ўрнатилиб, унинг атрофида кўркам боғ ташкил қилинди.

Шоир жуда камтар, хокисор инсон эди. Бу камтарлик ва хокисорлик унинг дўсти Бўрибой акага ҳам юққан бўлса, ажаб эмас. Негаки, қишлоққа келганида у киши билан кўп мулоқотда бўлганман, аммо бирор марта ҳам машҳур халқ шоири унинг яқин дўсти эканини айтмаган.

Ҳа, инсон табиати ғалати. Унинг ёнида гоҳо улкан қалб соҳиби яшаётганини сезмайди. Ўша бетакрор қалб эгаси дунёдан ўтганидан сўнггина, унинг қандай гўзал хислатларга бой бўлганини англай бошлайди. Эҳтимол, шундай инсонларнинг борлиги боис дунёда меҳр-муҳаббат, эзгуликнинг умри боқийдир…

Ўтар қанча йиллар тўзони,

Юлдузлар – кўз ёши самонинг,

Ўтар инсон яхши-ёмони,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур!..

Ёр МУҲАММАД.

  • 26-04-2018
  • | 198 |
  • № 15