www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Усмон Носирни танишмади...

Юрак, сенсан менинг созим,

Тилимни найга жўр этдинг.

Кўзимга ойни беркитдинг,

Юрак, сенсан ишқибозим...

Умрининг ҳали йигирма бешинчи баҳорини қаршилаб улгурмаган бу жасур юрак соҳиби Магадан қамоқхонасида. Ҳеч қандай мутеликни тан олмайдиган, фақат Ватан ишқи ила уйғоқ юраги билан ёлғиз! "Халқ душмани" деган бўҳтон тошларидан тани минг азобда. Қамоқхонанинг совуқ деворлари, зах ҳавосию, кичкина туйнукдан тушиб турган қилча нурни ҳам ютиб юборадиган зулмати ҳур руҳиятига қанчалар тажовуз қилмасин, унинг юрак сози ҳамон тин олгани йўқ. Халқ дарди билан куйиб-ёнган қалбини таржима қилишда давом этмоқда...

Сенга тор келди бу кўкрак,

Севинчинг тошди қирғоқдан,

Тилим чарчар, ажаб, гоҳи

Сени таржима қилмоқдан.

"Биз томонларда кўклам аллақачон ўз ҳуснини замин кўзгусига солаётгандир-а, юрагим, нима дейсан? Қўқонга ҳам лайлаклар учиб келгандир. Бодом новдаларида эндигина кўз очаётган куртаклар эсингдами? Албатта эсингда, ахир, буни қандай унутиб бўлади. Кечир мени, юрагим! Сени кўксимга жойлаб шундай гўзалликлардан олисга, муз босган ўлкаларга олиб келдим. Аммо сен ҳеч ҳам ўкинма, мен сени бу олчоқлар оёғи остига асло ташлаб қўймайман, вужудимни маҳв этсалар ҳам, сен, дилбаримга чанг сололмайдилар", – дея юрагини овутарди шоир совуқдан қалтираётган қўлларини иссиқ нафасида илитишга уриниб.

Сен, эй сен – ўйноқи дилбар,

Зафардан изла ёрингни.

Тўлиб қайна, тошиб ўйна,

Тирикман, куйла борингни!

Камеранинг темир эшиги сукунат бағрига ўқ отгандек шарақлаб очилди. Шоирнинг кўзлари ёруғликдан қамашиб, бошини тиззалари орасига олди.

– Тур ўрнингдан! – дўрилдоқ овоз нақ қулоғи остида жаранглагандек бўлди, – Кемеровага кўчиришади сени!

– Ана, юрагим, эшитдингми? Демак оз қолибди. Яқинда шу кераксиз танамни мана бу калхатларга ташлаймизу, иккимиз жонажон Ватанимизга қайтамиз! – юрагига пичирлади шоир.

Ҳар гал Усмон Носирнинг ушбу шеърини ўқиганимда, юқоридаги каби воқеалар кўз ўнгимда жонланади. Худди атоқли шоиримиз ҳибсдаги етти йиллик уқубатли ҳаётини юраги билан тан­ҳоликда ўтказгандек. Қалбидаги Ватан ишқи ва соғинчининг оловида исиниб, мангу музликлар ичра жон сақлагандек туйилади менга.

Ўзбек шеъриятининг ёрқин намоёндаси, қисқа вақт ичида сермаҳсул ва сермазмун ижоди билан адабиётимиз ривожига катта ҳисса қўшган бу шоир шеърияти ҳар бир китобхоннинг кўнглидан алоҳида жой эгаллаган. Унинг бир ўқишда худди таниш қўшиқдек тилимизга ўрнашиб қоладиган шеърларини болалик чоғларимизданоқ ёд олганмиз.

Шоирнинг "Юрганмисиз бирга ой билан", "Юр тоғларга чиқайлик" каби шеърларини бошланғич синфдаёқ синглим икковимиз ёдлаб, турли мактаб тадбирларида айтиб берганларимиз ёдимда. Бир болалигимиз тутиб қолса, бирга қўшилишиб айтамиз, гўё бу шеърлар болалик онларимизнинг мадҳиясидек.

Бироқ яқинда гувоҳ бўлганим бир ҳолат мени анча ўйга солиб қўйди. "Ёшлар" телеканали орқали эфирга узатилаётган "Биласизми?" теле-лойиҳаси кўплаб томошабинларнинг эътиборини қозона олди. Шу кўрсатувнинг ўтган бир сонида бошловчи қиз доскасига суратлари ёпиштирилган шахсларнинг кимлигини иштирокчилардан сўради. Аксарияти ёшлар ва талабалардан иборат бўлган иштирокчилар суратлардаги Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Усмон Носирни эмас, бугунги кунда ўзини шоир санаб юрган бир "ижодкор"­ни таний олишди. Ўрта мактабнинг адабиёт дарсликлари орқали ҳар йили ҳаёти ва ижоди таништирилиб бориладиган мазкур уч адибимизни қандай танимаслик мумкин?

Иштирокчилар орасидан фақат бир мактаб ўқувчисигина уларни таний олди ва ҳатто асарларини ҳам санаб берди. Бу ўқувчи қиз тўртинчи суратдаги кишининг номини ҳатто тилга олишни ҳам истамади. Бошловчининг саволига эса "Бу киши суратининг ушбу буюклар орасида туришининг ўзи уятли иш", деб жавоб қилди. Машҳур адибларимиздан бирининг таъбири билан айтганда, адабиётимиз ичра "ўғри мушукдек" дайдиб юрган бу шахснинг номини мен ҳам тилга олишни жоиз топмадим. Аммо масаланинг энг оғриқли томони шундаки, наҳотки адабиётнинг куни рекламага қолган бўлса? Нега китобхон рекламаси кучли ижодкорни танийдию, адабиётнинг асл жонкуярларини билмайди?

Бугун китобхонлик кенг кўламда тар­ғиб қилинаётган бир пайтда бу каби муаммоларни четлаб ўтишнинг иложи йўқ. Ахир мутолаа дегани дуч келган китобни ўқиш эмас, балки инсон тафаккурини бойитадиган асарлардан баҳраманд бўлиш, дегани эмасми? Китобхон, аввало, юксак бадиий дидга эга бўлсагина, чин маънодаги мутолаага эриша олади.

Шу ўйлар оғушида "Юрак" шеърининг сўнгги сатрларини ўқиб турсам, ёнимга қизалоғим келди.

– Ойи, менга ҳам ўргатинг.

– Хўп, қизим, яхшилаб қулоқ сол, – шеърни уч-тўрт марта ўқидим. Қачон катта бўлишию, қачон мактабга боришини кун санаб кутадиган тўрт ёшли қизим шеърни дарров ёдлаб олди.

Итоат эт!

Агар сендан

Ватан рози эмас бўлса,

Ёрил, чақмоққа айлан сен,

Ёрил! Майли, тамом ўлсам!

Мукаррам ОТАМУРОДОВА.

  • 26-04-2018
  • | 233 |
  • № 15