www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мен сизларни эшитяпман!

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Тожибой Мухторов ҳақида ҳаётий ҳикоя

"Ўлдирдим! Ўлдирдим!! Ўлдирдим!!!"

Ўзининг овозидан яна уйғониб кетди. "Нега бу тушни кўрдим? Бу воқеалар бунчалик оғриқ бермаса-я! Ўша нохуш манзаралар охирги пайтларда тез-тез ёдимга тушяпти..."

Ота қаршисида қиқир-қиқир кулаётган уч-тўрт болакайни ғира-шира кўрди. Ким бўлди булар? Фотима эмасмикан, йўқ, Зокиржонга ўхшаяпти, ота аллақачон вояга етган набираларини қаршисидаги "чурвақалар" билан адаштириб қўйди. Дарвоқе, яқинда Зокиржонга келин олиб бердик-ку. Ота кичик набирасига ўтган йили келин қилганини элас-элас эслади. Хотирасидан койинди.

– Бобо, кимни ўлдирдингиз? – болалардан бири яқин келиб, шу саволни берди.

Ота атрофида пилдираётган болаларни танимоқчи бўлиб тикилди. Яна шу савол. Бу савол умри давомида минг марталаб, миллион марталаб берилгандир. Ҳатто, ўзига ўзи томонидан ҳам берилган. Деярли ҳар куни. Жавоб эса йўқ, бўлмайди ҳам.

– Немисларни ўлдирганмисиз?

"Немис!" Бу сўзни эшитсам, юрагим зирқирайди. Нега инсонлар миллатларга ажратилади? Нега инсоният дўстга, душманга, оққа, қорага, динлига, динсизга ажратиларкин-а? Ахир ҳаммаси шундан бошланмадими? Русми, немисми, ўзбек ёки японми, нима фарқи бор. Ҳеч кимнинг ўлдиришга ҳаққи йўқ, ҳеч ким таҳқирланиш учун ҳам туғилмаган.

– Лаънати Гитлер! – айтмоқчи бўлмаган гапи оғзидан чиқиб кетди.

Болалар аввалига бир тисарилиб олишди. Чунки ота бу гапни болаларнинг саволига жавоб сифатида айтмади. Бу сўз ичидан отилиб кетди. Ўқдай.

– Гитлер ким, бобо? Айтинг, уруш ҳақида гапириб беринг, – бояги тирмизак шерикларидан ботирроқ шекилли, отага янада яқинроқ келди.

– Ҳа, сизларними! Қани, ҳаммаларинг тез ҳовлига чиқиб ўйнанглар-чи! Уйниям бозор қилиб юборибсизлар, – ота Соҳиба келинининг овозини таниди. – Боболаринг дам олиши керак. Чарчатиб қўйибсизлар.

Ота келинини ўзича алқаб қўйди. Ўғлимга яхши келин олиб берганман-да. Жуда фаросатли. Чанқаганди, чой ичирди. Бироз совуқ ўтганди, кўрпанинг устидан тўнини ташлаб қўйди. Бирам меҳрибон, опамни эслатиб юборади. Ота бир неча йиллар аввал вафот этган ёлғиз ўғлини излаб, атрофга қаради. "Аҳроржон"! Ўғлининг исмини айтиб ғўлдираб қўйди. Аҳроржонни ҳалиям тирик, деб ўйлади, чоғи.

Кўзларини юмди. Ухламоқчи бўлганидан эмас, шунчаки, одатга айланиб қолган, хаёл суради. Ухламасдан туш кўради...

***

– Тожибой, келдингми? Тез ювиниб ол, укажон. Ҳозир овқатни сузаман, – тандирхона томондан опасининг ёқимли овози эшитилди.

Уч-тўрт тенгдош жўралари билан тушгача қишлоқ этагидаги ариқларни қазишди. Деҳқончилик учун ҳар қанча яхши еринг бўлмасин, сувсиз ҳамма меҳнатинг бекор. Қишлоқ йигитлари буни яхши билади. Шунинг учун ҳам баҳорда ишни дастлаб ариқ қазишдан бошлашади. Эртага сувнинг баракаси ҳам бўлади. Саёз ариқлардан тошган сув кимларнингдир даласини босмайди ҳам.

Опаси ялпиз қовуриб келганди. Тожибой бир соатча аввал ариқ қазаётганда узоқдан опасини кўргандай бўлувди. Демак, ялпиз тергани чиққан. Улар бир-бирининг юзига қарашмади. Опа жонидан ҳам ортиқ кўрадиган укасига яна ялпиз қовуриб бергани учун ийманди. Ука эса мана бир неча ойдирки, хонадонига бир тишлам гўшт олиб келолмагани учун орланди.

Тожибой уч-тўрт кун аввал тегирмончининг томорқасини ағдариб берганди. Эвазига ярим қоп макка­жўхори уни олди. Тугаса, яна ярим қоп бераман, деган. Ваъдасида турса бўлди... Опаси ўша ундан нон ёпибди.

Бир-бирига чексиз меҳр қўйган бу икки жон сўзсиз тушлик қилди.

Қизиғи, Тожибой қовурилган ялпиздан ҳеч қачон безор бўлмаган. Тўрт йил урушда бўлди, барибир ялпизни соғинди. Урушдан қайтди, опаси турмушга чиқди, ялпиз таъмини унутмади. Опаси қўшни Пайариқ туманида яшарди, икки фарзанди билан бева қолди, Тожибой уларни ҳам олиб келди, қарамоғига олди.

Йиллар ўтди, мўл-кўлчилик бўлди, тўқчилик бўлди. Умрида кўрмаган, эшитмаган таомлар, узоқ юртлардан келадиган ғалати мевалар пайдо бўлди. Лекин опаси ўз қўли билан қовуриб берган, ариқ бўйида ўсадиган ялпиз бош­қача туюлди унга. Чунки бу йиллар унга сабр-тоқатни, меҳрни ўргатган. Маккажўхоридан тайёрланган нонда, оддийгина ўтда опасининг меҳри, меҳнатини ҳис қилган. Юрагининг энг чуқур ерларига кўмилган бу хотиралар унга ҳамма нарсадан тотли!

Ота тамшаниб қўйди.

***

Бир неча йил аввал ота йиғлади. Набиралари унга қараб "Нима бўлди, ота? Йиғламанг, бу кино-ку!", дейишди. Тожибой учун бу кино эмас. Бундай киноларга тоқати етмайди. Телевизорда яхши кунларни, бахтли инсонларни кўрсатишларини истайди. Уруш ҳақидаги фильмлар бу инсонни яна етмиш йил ортга қайтаради. Бундан оғири йўқ. Парчаланган елкаларини ушлаб қўяди. Уч ўқ елка қопқоғига муҳр қўйган. Бу излар йиллар ўтгани сари янада бўртиб кўриниб қолгандай туюлади унга.

...Улар совуқ ўлкаларда душманлар яқинлашиб келаётгани ҳақида эшитишди. Икки кун ўтиб билдики, миш-миш эмас экан. Поездда кетиб боришарди. Ўрмонлар оралаб ўтишди. Кўз олдида шовуллаб турган яшилликдан завқланди. Меҳнат қилгиси, яшагиси келди. Қанийди, урушмасдан яшасанг, инсон! Дунёни янада гўзалроқ бўлиши учун яшасанг, курашсанг.

Поезд қаттиқ силкинди. "Пистирма қўйишган экан! Бошингни эгиб ол, Тожибой!" – бир неча ой давомида унга яқин бўлиб қолган кавказлик маслаҳат берди. Уларнинг устига ўқ ёғила бошлади. Поезд тўхтади. Улар пастга тушишганда ҳаммаёқни порох ҳиди тутиб кетганди. Тутун кўзни ачиштирар, атрофни кўриб бўлмасди. Бироз аввал кўзига бемисл гўзал бўлиб кўринаётган ўрмон ваҳимали тусга кирганди. Аммо инсоният ҳимоясига отланган йигирма бир ёшли юрак ҳар қандай қўрқувни енгади. Унинг ортида опаси бор! Керак бўлса, кўкрагини қалқон қилиб бўлсада, опаси томонга бировни ўтказмайди. Бунга ғурур, орият йўл қўймайди. Табиийки, у ҳамроҳи айт­ганидек "бошини эгиб олмайди". Олдинга интилди. Ўрмон ичига анча кириб борди. Атроф бутунлай кўринмасди. Ким ўлаётгани, ким қолаётганини билиб бўлмасди.

Тожибой қаттиқ силкиниб кетди. Елкасини чўғ куйдирарди, кўнгли айниб, йиқилди. Нафаси сиқа бошлади. Юраги музлаб қолаётгандай бўлди...

– Чекинишди! – кавказлик ва яна бир шериги унинг елка ва кўкракларидаги қонни тозалашар, ёрдам кўрсатишарди.

– Ўлдирдим! – деди инграниб.

– Ҳа, ўлдирдинг, қаҳрамон, сал қолса, ўзинг ҳам ўлардинг! – кавказлик унга гапирма, дегандай ишора қилди.

Тожибой бир неча ой госпиталда даволанди. Тузалгач, яна олов ичига кирди...

***

Тўрт-беш йилча аввал қаттиқ момоқалдироқ бўлди. Кечаси билан осмон гумбурлади. Ота яна етмиш йил ортга қайтгандай бўлди. Қонли йиллар кўз ўнгида гавдаланди. Кўпчилик учун шунчаки, табиат ҳодисаси бўлган момоқалдироқ отага қаттиқ таъсир қилди. У шундан кейин анча оғриб қолди. Ўзига ўзи гапирадиган одат чиқарди...

***

– Ота, ҳоким бова келди! Сизни ҳолингиздан хабар олгани келишибди.

Ота бошини кўтарди. Тумонат одам. Оркестр куйлаяпти. Ҳоким Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Тожибой Мухторовнинг қўлидан тутди, билагига нимадир тақди.

– Ота, Сиз оловли йилларни босиб ўтдингиз. Сизнинг ҳаётингиз олтинга тенг. Шунчаки яшамадингиз, сиз каби инсонларнинг вақти ҳеч қачон тўхтамайди. Мана шу соат каби. Бу тилла соат. Шахсан Президентимизнинг совғаси. Соғ бўлинг, ота! Бизларни дуо қилинг!

Ота дуо қилди. Унинг дуоси йиғилганлар эшитадиган даражада баралла эмасди, аммо урушга наф­рати бўлганлар, ҳаётга, тинчликка муҳаббати бўлганлар буни аниқ эшитди!

Исомиддин ПЎЛАТОВ.

  • 24-05-2018
  • | 91 |
  • № 17