www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Жўра

Самимиятни ҳар ким ҳар хил тушунади. Аслида бундай тушунчаларни бир қолипга сиғдириш ҳам мушкул.

Масалан, мен самимий инсон, деганда бир дўстимни ёдга оламан. Ўзи ўқимаган, колхоз кетмончиси бўлса-да, инсонни қадрлашни билар, айниқса, дўсту биродарлар ҳолидан ҳамиша хабар олиб турарди. Фақат бир "айби" сал сергапроқ, мулозаматни ошириб юборар, учрашиб қолганда "Яхшимисиз, тузукмисиз", "Тузукмисиз, яхшимисиз" деб ўн дақиқа саломлашарди. Гоҳида унинг бу соддалигидан кулиб юрардик.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. 1973 йил. Арманистоннинг Ереван шаҳрида ҳарбий хизматни ўтаб юрган кезларим. Самарқанддан менга хат келганини айтишди. Билсам, ўша дўстимдан экан. Чоғроққина вараққа ёзилган мактубда асосан, соғлиғим, ишларим ҳақида суриштирган.

Қизиғи, унинг сермулозамат экани хатда ҳам сезилиб турарди. "Салом, жўра! Ишларинг, соғлиғинг яхшими, жўра. Чарчамаяпсанми, жўра, хизматларга кўникиб қолдингми, жўра..." Қизиқишга санаб чиқдим. Юзтача сўзнинг 26 таси "Жўра" эди. Аммо дўстимнинг меҳри, оқибати менга ўзгача таъсир қилди. Дарров қўлимга қалам олиб, жавоб хати ёзишга киришдим.

Бугун ўша дўстим орамизда йўқ. Аммо унинг оқкўнгиллик билан ёзилган мактуби ҳануз менда сақланади.

Файзулла ИСМОИЛОВ.

  • 24-07-2018
  • | 11 |
  • № 26