www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Менинг юрагимни нишон олган ўқ...

Ўшанда баҳор фасли оёқлаб қолган, луччак шафтолига маза кирган пайт эди.

Таҳририятнинг маънавият-маърифат хонасида қўлёзмаларни саралаб ўтиргандим. Эшик очилиб, оқ-сариқдан келган, баланд бўйли ўсмир йигитча кириб келди. Қўлида қалингина дафтар.

– Опа, баъзан шеър машқ қилиб тураман. Кўриб, маслаҳат берсангиз, камчиликларимни айтсангиз дегандим...

Ёш шоирнинг ўша қиёфаси ҳалиям кўз ўнгимда турибди. Ўткир нигоҳида ўзига ишонч барқ уриб турарди. Ёзганларини ўқиб, бу ишонч бежиз эмаслигига ишондим. Қалами анчагина равон экан. У кейинчалик ҳам тез-тез газетага шеър­лар олиб келиб юрди.

Бу гапларга анча йиллар бўлди. Яқинда "Жомбой тонги"ни варақлай туриб, таниш номга кўзим тушди: Шоди Жума.

Гоҳ маҳзун, гоҳ жўшқин шеър­лари билан ўқувчилар меҳрини қозонган шоир ҳақиқатан ҳам муносиб ижод йўлини босиб ўтди. Ижод ҳам инсон каби улғаяди, аслида. Шоди Жуманинг истеъдоди ижодкор билан бирдай умр кечиргани, улғайиб боргани бугунги шеърларида акс этиб турибди.

Китоб жавонимда унинг "Қишлоқ тонглари" тўплами бор. Унда шоирнинг сўз фалсафаси, дунёқараши, инсон қавмининг эртасидан хавотири ва бир қадар мунозарали, бир қадар ҳароратли хулосалари жамланган.

Шоди Жума шеърларида армонли дил лирик қаҳрамон қилиб олинган. Шоир гоҳ дард чекади, гоҳ қалбан ором олади, гоҳ изтироб ичра сиз билан диллашади.

Йўқотиш ёмондир, йўқотиш ёмон,

Энг қийин дамлардан ўтдим, деганда...

– деб ёзади шеърларидан бирида. Аслида ҳам шоир бўлмоқ учун дард чекиб, сатрлар узра куйманмоқ даркор.

Юқорида унинг лирик қаҳрамони армонли дил, дедик. Қуйидаги сатрларга эътибор беринг:

Билмайман, қай бир вақт бориб етади,

Менинг юрагимни нишон олган ўқ.

Дарҳақиқат, ижод – бутун умр ярадор қалбни қучоқлаб яшамоқ, аслида. Бу улкан шараф, аммо масъулиятли вазифа. Шоди Жума ана шу вазифани уддалаган шоир.

Ойхумор АСАДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

  • 26-09-2018
  • | 29 |
  • № 35