www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Замонга сиғмаган шоир

Улкан истеъдоди билан миллионлар қалбини эгаллаган инсонлар тарихда кўп учрайди. Аммо қисқа умри давомида ўзидан улкан маънавий мерос қолдириш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Абдулла Тўқай, Лермонтов... Рус халқининг дилбар шоири Сергей Есенин ҳам ана шундай шахслардан бири эди.

С.Есенин 1895 йил 3 октябрда Россиянинг Рязан шаҳри яқинидаги Константинова қишлоғида таваллуд топган. Бўлажак шоирдаги фавқулодда истеъдод саводи чиқмасдан бурун учқун сочган эди. Илк шеърлар тўплами 1916 йилда нашр этилади. Ўша давр муҳитидан келиб чиқиб айтганда, 21 ёшли йигитча учун бу улкан ютуқ бўлган.

Илк тўпламиданоқ адабиёт майдонига оташнафас қалб эгаси кириб келаётганини англаш қийин эмасди. Шоир қалб кечинмаларини нозик туйғуларида ифодалаб берган. Табиат билан боғлиқ руҳий кечинмалар, қишлоқ ҳаёти, халқ турмуши Есениннинг ўзига хос мавзу услуби эди ва бир умр шунга содиқ қолди.

1919-1922 йилларда Есенин сиёсий буҳронларни синчиклаб кузатади. Шу тариқа "Москва майхоналари", "Қора одам" асарлари дунёга келади. Шу каби ижтимоий-фалсафий достонларида шаҳар ҳаётининг ярамас томонлари, оддий халқни хонавайрон қилаётган сиёсий иллатлар фош этилди.

Умуман олганда, шоир ўз замонасига сиғмаган, девонавор қалб эгаси эди. Мусулмон-шарқ маданияти ва адабиётига шу қадар эътиқод қўйганки, ҳатто бир муддат Ўрта Осиё ва Кавказорти мамлакатларида истиқомат қилган. Ўша даврларда Тошкент ва Самарқанд шарқ дунёсининг энг сирли шаҳарлари қаторида эди. Шу сабаб шоир ушбу муаззам шаҳарларни ҳам зиёрат қилади. Кейинчалик таассуротлари асосида "Форс тароналари" тўпламини яратади. Ушбу туркумга кирган шеърлар Ҳофиз, Саъдий Шерозий, Умар Хайём каби шарқ алломаларига эргашиб ёзилган. 

Сергей Есенин ҳаёти нотинч, сиёсий ўйинлар даврида кечди. Жамиятдаги ҳақсизлик, сиёсий раҳнамоларнинг бебурдлиги унинг пок қалбига шикаст етказар, инсоний ўзликни англашга интилган шоир эса буни шунчаки, қабул қилолмасди.

Есенин жуда қисқа умр кўрди. Аммо ўзидан улкан адабий мерос қолдирди. Бугун Константинова қишлоғи ўзининг буюк ўғлони Есенин номи билан аталади.

Насиба АБДУЛЛАЕВА.

  • 09-10-2018
  • | 96 |
  • № 37