www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ўзбекистондан Малайзиягача

Гулни узманг, нафратга йўлиқасиз

"IBIS" меҳмонхонасининг 31 қаватидамиз. Бу ерда махсус балкон ташкил қилинган. Шаҳарни юқоридан томоша қилиш кишида ажойиб кайфият уйғотиши табиий. Айниқса, "яшил шаҳар"ларда. Куала-Лумпур эса бу талабга тўла жавоб беради.

Мамлакат яриморолда жойлашгани, ҳар томондан денгиз билан ўралгани, тропик ўрмонлари, вақти-вақти билан ёғиб турадиган муссон ёмғири табиатнинг бир бўлаги эканингизни эслатиб туради. Одамлар ҳам ўзларини экологияга масъул ҳисоблайдилар.

Хўш, бу нималарда кўринади?

Аввало, малайялар ўсимлик ва дарахт­ларни жуда қадрлашади. Эллик қаватли бинонинг томида дарахт ўсиб турганига кўзингиз тушса, ҳайратланманг. Ҳатто ташқи деворлари ердан учигача ўсимлик билан қопланган осмонўпар иморатлар бор. Марказий кўчаларда мевали ва манзарали дарахтларга тез-тез дуч келасиз. Аммо гулларни узиб олсангиз... жавобгарликка тортишмаса-да, нафратга йўлиқишингиз аниқ.

Экологик маданият ҳам шунга монанд. Ишлаб чиқаришда елим пакет ва пластмассадан мумкин қадар камроқ фойдаланилади. Қаттиқроқ картондан ишланган ручкалар, метал конструкцияли бекатлар бунга мисол. Дарвоқе, яқинда елим халталардан фойдаланиш Ўзбекис­тонда ҳам чекланди. Малайзияда эса жараён аввалроқ бошланган. Қоғоз халталар фаол истеъмолда.

Табиатга муҳаббат Куала-Лумпурда транспорт тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатган.

Дастлабки кунлардаёқ йўлкира ҳақининг сезиларли қимматлиги эътиборимизни тортди. Айтайлик, такси билан 10 километр масофага борсангиз, 40-50 минг сўм атрофида ҳақ олишади. Нисбатан арзонроқ бўлган электропоезд (ер усти метроси) ёки автобусдан фойдаланишингиз ҳам мумкин. Аммо уларни ҳам қулай нархда, деб бўлмайди. Транспорт ҳақининг бунчалик қимматлигига ягона сабаб экология солиғи билан боғлиқ. Шаҳардан ташқарига чиқиш йўлларини эса пуллик шосселар ташкил қилади.

Мамлакатнинг туризм қиёфаси учун курашаётган Малайзия халқи бунга ҳам чора топган. Арзимас ҳақ эвазига скутер ёки электромобиль ижараси йўлга қўйилган. Светофорнинг қизил чироғи ёнганда чорраҳа электрга мослашган скутерлар билан тўлиб кетиши шундан.

Дарвоқе, светофорлар.

Пиёдалар учун худди биздагидек махсус светофорлар мавжуд. Аммо у пиёдага "бўйсунади". Бунинг учун устунга ўрнатилган тугмани босасиз. Қарабсизки, йўл очиқ. Бу ҳам табиатни асраш мақсадида қўлланган тадбир, десак ишонаверинг. Гап шундаки, автомобиль двигатели тўхтаб турган ҳолда ишласа, нисбатан кўпроқ заҳарли газ ишлаб чиқараркан. Пиёдалар ўтиш йўли эса ҳар доим ҳам гавжум бўлмаслиги кундек равшан. Пиёда бор-йўқлигидан қатъий назар, навбати билан ёниб-ўчадиган тизим автомобилларни бемақсад тўхтаб туришига сабаб бўлади. Бу ўз навбатида табиатга ортиқча газ чиқарилишини англатади.

"Ақлли светофор" бунга ҳожат қолдирмайди. Пиёда келиб, тугмани босгандагина йўлни ёпади. Шу тадбир сабаб Куала-Лумпурда тирбандлик ҳам деярли кузатилмайди. Аммо бир неча кесишмали чорраҳаларда бу тадбир иш бермайди. Автомобиллар бир-бирига йўл бериши зарурлиги сабаб автоматлашган ёниб-ўчиш тизими қўлланади.

Шаҳар остида шаҳарча

Петронас эгизак миноралари шаҳарнинг асосий туризм маркази эмас. Аслида бу қўшалоқ бино турар жой, офис ҳамда савдо дўконларидан иборат мажмуа, холос. Ташқи салобатини демаса, ичкарисидан ҳеч қандай диққатга сазовор нарса тополмайсиз. Шундай бўлса-да, мамлакатнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган.

Петронасда бизни хайратлантира олган ягона жиҳат унинг тубидаги дўконлар бўлди.

Тасаввур қилинг, эсдалик совғалари сотиладиган улкан савдо марказига кирдингиз. Бу ерга ҳар куни юз минглаб сайёҳ ташриф буюради. Мос равишда миллиардлаб сувенир совғалари сотилади. Дўконлар бир-бирига туташиб кетган. Узун йўлакдан ўтиб, сайҳонликка чиқчангиз... метро ўтиб бораётганини кўрасиз! Ҳа, марказнинг ичида. Ундан ҳам ўтамиз. Яна дўконлар, умумий овқатланиш шохобчалари. Ва ниҳоят, йўлнинг адоғи кўринади. Дуч келган биринчи эшикдан ташқарига чиқиб, кутилмаган ҳолга гувоҳ бўласиз. Петронас миноралари анча олисда. Сиз шаҳарнинг бошқа четига келиб қолгансиз. Савдо марказлари райони (КЛСС – киелсиси, деб ҳам юритишади) икки қаватли қурилган. Бу ер остида ҳам шаҳарча бор, дегани.

Эгизак миноралардан ҳайратланарли бошқа ҳеч нарса тополмайсиз.

ватан ишончли жойда

Агар шаҳарнинг чинакам диққатга сазовор нуқтасини истасангиз, муқарнас томон юринг. Осмонўпар иморатлар бўлмаганда ушбу минора бутун шаҳардан кўриниб туриши муқаррар эди.

Муқарнас деганда пастдан юқорига қараб торайиб борувчи узун минора ва унинг устидаги кенг қалпоқча тушуниларкан. Тасаввур қилиш учун Бухородаги Минораи калонни кўз олдингизга келтиринг.

Куала-Лумпур минораси ҳашаматли муқарнас билан шуҳрат қозонган. Шаҳарнинг энг диққатга сазовор маскани, деб атаганимиз бежиз эмас. Минора атрофида хушманзара ҳиёбон, турли кўнгилочар ўйингоҳлар, кичик океанарий ва ҳайвонот боғи жойлашган. Ҳудуд юз гектарга яқин. Ҳеч қандай тўлов қилмай шунчаки, хиёбонни айланиб кетишингиз ҳам мумкин.

Куала-Лумпур минорасига етиб келганимизда кун тушга яқинлашган эди.

Малайзияда сайёҳлик хизматларининг аксарияти гуруҳланган. Масалан, Самар­қандга ташриф буюрган хорижлик Регистон, Шоҳи Зинда, расадхона каби обидаларимиз учун алоҳида-алоҳида чипта олишга мажбур бўлади. Бу ортиқча вақт, оворагарчиликка сабаб бўлиши аниқ. Малайзияда эса сал бошқачароқ.

Минорага кўтарилишда банк терминалларига ўхшаш қурилма ўрнатилган экан. Неча кишилик гуруҳда қайси хизматлардан фойдаланмоқчи эканингиз ва томоша қилмоқчи бўлган обидаларингизни белгилайсиз. Ойнада умумий нарх ҳисоби ҳақида маълумот акс этади. Тўловни банкоматнинг ўзи қабул қилиб, чек тақдим этади. Ўша чиптани ўзингиз қайд этган хизмат шохобчалари ёки обидаларга киришда сканердан ўтказиб кетаверасиз. Эшиклар очилиб бораверади.

Хуллас, муқарнасга кўтарилдик. Минора икки қисмдан иборат экан. Энг юқори қават 421 метр баландликда жойлашган. Бутун шаҳар кафтдек кўриниб туради. Иккинчи қисм эса бироз қуйироқда. Ойнаванд. Бу қаватнинг ўзига хослиги кузатиш биноклларининг ўрнатилганидир. Нигоҳингиз билан уфқнинг энг четига қадар назар ташлашингиз мумкин.

Кўринишидан европалик сайёҳ биноклдан қараб туриб, хизматчидан ҳазил аралаш сўради:

– Мен ўз юртимни кўрмоқчиман. Брюссел қайси томонда?

Мезбон унинг чап кўксига ишора қилганча жавоб қилди:

– Ўйлайманки, ишончли жойда турибди.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 19-03-2019
  • | 107 |
  • № 10