www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ўзбекистондан Малайзиягача

Маълумотлар ойнасида лайнер Андаман денгизи ҳаво ҳудудига кириб келаётгани акс этди. Демак, Покистон ва Ҳиндистон кенгликлари ортда қолган. Бу ёқи Ҳинд уммони. Тонг бўзариб келяпти. Аммо кўкка боқсангиз коинотнинг қора бўшлиқидан ўзга нарса кўзга ташланмайди. Пастда қат-қат булутлар сузиб юрибди.

Борт кузатувчисининг хитоби янгради: "Ҳурматли йўловчилар! Чанги аэропортига яқинлашяпмиз. Илтимос, камарларни тақинг".

"Selamat datаng ke Malaysia!"

Самолёт аэропорт узра икки айланиш қилгач, пастлади. Қўндик. Шу пайт ҳамма бирдан қарсак чалди. Қизиқ одат. Ўзбек, рус, инглиз, араб ва яна бир қанча миллат вакиллари ўн икки соат давомида сифатли хизмат кўрсатган "Ўзбекистон ҳаво йўллари" экипажини олқишларди. Бундай пайтда кўнглингдан илиқ ҳислар ўтиши табиий. Ажойиб манзара! Транзитдан сўнг, парвоз давом этди.

Маҳаллий вақт билан 12:55 да Куала-Лумпурга етиб келдик. Аэропорт анча катта. Ҳатто терминаллар орасида метро қатнови йўлга қўйилган экан. Кекса ва ногиронлар учун ўзи юрадиган махсус йўлаклар бор. Устига келиб тўхтасангиз бас, манзил сари элтиб қўяди.

Божхона назоратидан ўтиб, юкларимизни олдик. Ташқарига чиққанимизда юзлаб одамларга дуч келдик. Ҳар бирининг қўлида картон ёрлиқ. Кимни кутаётган бўлса, ўша шахснинг исм-шарифи ёзилган. Бизни қўлидаги лавҳада "Mr. Odilov. Selamat datаng ke Malaysia!" деб ёзилган хоним кутиб олди. Меҳмонхона сари йўлга тушдик.

Ифлосланган дарё…

Тошкент – тошдан қурилган шаҳар, маъносини англатганидек, жой номлари ўзига хос маъно ташиши сир эмас. Ажабки, Куала-Лумпур мазмунига кўра, ифлосланган дарё, шаҳар маъносини англатаркан. Аммо бу фақат ном, холос. Амалда ниҳоятда гўзал ва озода. Табиати ҳам, замонавий инфраструктураси ҳам бетакрор.

Маҳаллий халқ орасида шундай нақл юради: "Куала-Лумпурда истаган нарсанг топилади". Бу ватанпарварлик учун айтилган баландпарвоз гап эмас. Очиқ табиатни хоҳловчилар учун пальма ўрмонлари дейсизми, осмонўпар бинолар дейсизми, барчаси бор. Пойтахт шаҳри 13 та маъмурий ҳудудга бўлинган, амалда эса федерал марказгина пойтахт сифатида тан олинади. Машҳур эгизак миноралардан тортиб, миллий музей, кутубхоналаргача шу ерда жойлашган. Федерал марказ деганлари кишида туризм учун махсус бунёд этилгандай тасаввур уйқотади. Ҳар қадамда хорижлик сайёҳга дуч келасиз. Маҳаллий аҳоли нисбатан кам. Бинолар ўртача 35-50 қават баландликда қурилган.

Биз жойлашган "IBIS" меҳмонхонаси эгизак миноралар, марказий халқ банки ва таълим шаҳарчаси оралиқида жойлашган экан.

Мамлакат обрўси учун

кураш – ҳар бир фуқаронинг бурчи

Малайзияликлар ана шундай қоя билан тарбияланган. Айтайлик, кўча-кўйда ҳамма сизга қадрдон, танишдек муомала қилади. Маҳаллий аҳолидан кимдир хорижлик меҳмонга ёрдам беришни истамаса, ҳукумат томонидан жаримага тортилиши мумкин. Аммо бу қонунга ҳеч эҳтиёж йўқ. Сабаби, қийин вазиятга тушиб қолсангиз, ёрдам қўлини чўзадиганлар ҳамиша топилади. Малайялар буни ўзлари учун муқаддас бурч санашади. Ҳар қадамда мамлакатнинг туристик қиёфаси учун курашаётганларини ҳис қиласиз. Самимий, ҳалол, тинчликсевар халқ.

Келинг, сўз қуруқ бўлмасин. Бизни ҳайратга сол­ган икки ҳолатга тўхталсак.

Сафарнинг иккинчи куни қўлимиздаги АҚШ долларини миллий валюта – рингитга алмаштирмоқчи бўлдик. Қайд этиш жоизки, бундай шохобчалар ҳар 500-1000 метрда учрайди. Фақат мамлакат ҳудудида биринчи марта бу хизматдан фойдаланаётган резидентлар паспорт билан мурожаат қилишлари керак экан. Шундай қилиб сиз банклараро процессинг маркази рўйхатига киритиласиз. Бу эса турли фирибгарлик, халқаро жиноятчиликка қарши курашишга имкон беради. Тўқри, бир қарашда бу бюрократиядек туюлиши мумкин. Аммо жараён ҳеч қанча вақтингизни олмайди. Тахминан, икки дақиқа. Шунчаки, сканерлаш, холос. Қолаверса, кейинги сафар қайси шохобчада неча марта валюта айирбошлашингиздан қатъий назар, бундай назорат бўлмайди. Хуллас, ҳужжатларимиз меҳмонхонада қолиб кетган экан.

Ноилож, ортга қайтмоқчи бўлиб турганимизда маҳаллий аёллардан бири бизни тўхтатди. Муаммойимизни тушунгани, агар истасак, ўз ҳужжатларини тақдим этиб, валютамизни айирбошлашда ёрдамлашишини билдирди. Рози бўлдик. У йўл-йўлакай бундай ноқулайлик учун мамлакат номидан узр сўради (!).

– Аслида, турли фирибгарликларни олдини олиш учун шундай тартиб жорий қилинган, – деди у. – Сен эса Ўрта Осиёлик экансан. Ҳозирча, сизлардан ёмон ниятли сайёҳни кўрмадик (самимий кулди). Демак, тартибни бироз четлаб ўтиб, ёрдамлашсак зарари йўқ.

Ишимиз осон битганидан миннатдор бўлиб, аёлдан исмини сўрадик.

– Исмим малайзиялик, – қувноқ жавоб қилди.

Иккинчи воқеа умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида юз берди. Аввало, Куала-Лумпурнинг ўзига хос бир жиҳатини айтмасак бўлмайди. Шаҳар қайси миллий-диний жамоалар кўпроқ яшашига кўра, ҳудудларга бўлинган. Масалан, "ChinaTawn" даҳасида асосан, хитой, корейс ва японлар истиқомат қилади, "Indiana"да эса ҳиндлар. Ошхона ва ресторанлар, ибодатхоналар ҳам шунга монанд. Ўша воқеа "ChinaTawn"да юз берди. Тушлик вақти яқинлашиб қолганди. Овқатланиб олиш мақсадида ошхоналардан бирига кирдик. Бизга пешвоз чиққан бошқарувчи ташрифимиздан мамнунлигини билдирди. Аммо бироз ўнқайсизланиб, деди:

– Кечирасиз, жаноб. Бош кийимингизга қараганда, мусулмонсиз. Афсуски, таомларимиз ислом динининг "Ҳалол" стандартини олмаган. Асосан, буддавий ҳамда конфуцийликка этиқод қилувчилар учун хизмат кўрсатамиз...

Бу фақат икки ҳолат. Малайзияда бундай вазият­ларга ҳар қадамда дуч келасиз.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

(Давоми бор).

  • 19-03-2019
  • | 153 |
  • № 9