www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ўрганилмаган “Хамса”

Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази фаолият бошлаганига кўп бўлмади. Марказнинг қўлёзмалар бўлимида нодир китоблар сақланади. Аксарияти ҳозиргача ўрганилган эмас.

Бу йил Алишер Навоий таваллудига 578 йил тўлди. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, шоир ижодининг ҳануз тадқиқ этилмаган қирралари кўп. Асарларининг кейинги даврга оид қўлёзмалари кутубхона, илмий марказларни безаб турибди, холос.

Мазкур илмий-тадқиқот марказида ҳам “Хамса”нинг XVIII асрга оид қўлёзма нусхаси сақланади. Китоб 224-рақам билан рўйхатга олинган. Муқовасида ҳижрий 1298 (милодий 1881) йилда настаълиқ хатида кўчирилгани қайд этилади.

Қўлёзманинг айни ҳолати реставрацияга муҳтож. Биринчи муқоваси йўқолган. Аммо саҳифалари яхши сақланган.

Икки аср аввал кўчирилган “Хамса” жиддий ўзгаришга учрагани эҳтимолдан йироқ. Аммо ҳар бир китоб ўзининг яратилиш, ёзилиш тарихига эга. Масалага шу жиҳатдан ёндашган маъқул.

Қўлёзма 1881 йилда битилган. Қарийб, хонликлар даврига тўғри келади. Марказий Осиёда ички уруш ва низолар кучайган, чоризм балоси хавф-хатар солиб турган давр... Демак, халқ шундай кезларда ҳам Навоийни ўқиган.  Қўлёзма ҳақида ортиқча тахмин, мулоҳаза юритишдан тийиламиз. Ҳақиқий баҳони адабиётшунос, навоийшунос олимлар айтса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Фазлиддин МАДИЕВ.

  • 13-04-2019
  • | 5 |
  • № 7