www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Икки кундалик

У йил давомида ҳаётида рўй берган воқеаларни бирма-бир кундалигига тушира бошлади.

"31 декабрь. Тан олиш керак, ўтиб бораётган йил биз учун оғир келди. Ўтпуфагимни жарроҳлик йўли билан олиб ташлашди. Бир неча ой тўшакка михланиб қолдим.

Олийгоҳда ўқиётган ўғлим автоҳалокатга учради. Бир неча ой сабоқлардан қолиб кетгани учун курсда қолдиришди...

Ҳа-я, ҳовлининг девори ёмғирда ивиб, қулаб тушгани-чи!"

Шу қадар хаёлга берилиб кетгандики, аёли хонага кирганини ҳам сезмай қолди.

Турмуш ўртоғининг ёзувларига кўз ташлаган аёл хонадан сассизгина чиқиб кетди. Сал ўтмай, қўлида ўзининг кундалиги билан қайтди. Керакли саҳифасини очиб, эрининг ёнига қўйди. Унда шундай сўзлар битилганди:

"Оиламиз учун бу йил хайр­ли келди. Дадаси кўп йиллардан бери ўтқопида тош кўчишидан азият чекарди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Энди жони оғримайди.

Ўғлимиз автоҳалокатга учраганди. Шифокорларнинг айтишича, майиб-мажруҳ бўлмай, соғайиб кетганининг ўзи мўъжиза экан. Мана, ўқишини яна давом эттиряпти.

Баҳорда ҳовлимиз девори қулаб тушди. Тунда. Агар кундуз бўлганидами, кимнидир босиб қолиши муқаррар эди. Яратганнинг раҳм этгани шу-да".

Мавлуда ЭРГАШЕВА.

  • 20-04-2019
  • | 32 |
  • № 14