www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Типратикан

Бадқавоқ ва хаёлпараст ёш рассом Қисматбек ҳали курсдошлари билан тузукроқ танишмай туриб, пахта терими бошланди. "Оқ олтин" вақтлироқ етилганмиш...

"Пахта!.. Ошқозонимнинг яраси, халқимнинг дарди устига чипқон, оппоқ фалокат!" Қисматнинг пахта ҳақида тарихчи тоғасидан эшитганлари шу эди. Фаоллар залида барчани йиғиб, хирмонни тўлдиришдек шарафли бурч ҳам фарз, ҳам қарз эканини уқтиришди. Аксарият талабалар гўё ғаройиб, эртакнамо саргузаштлар кутиб тургандай севинишди. Фақат Қисмат бундан мустасно.

Ахир у далани умрида кўрмаган бўлса, пахта қандай терилишини билмаса...

Теримга барча олийгоҳлар бирваракайига жалб қилинар экан: Университет хиёбони катта жомадон, кўрпа-ёстиқ солинган баҳайбат тугунлар, сумка кўтарган бесаранжом талабалар, уларни кузатишга чиққан ота-оналар билан тўлиб-тошганди.

Кийимлари солинган қоп, қўлида мольберт автобусга чиқди.

– Бу нима? – сўради курсдошларидан бири.

– Мольберт.

– Нима …берт?

– Бунинг устига сурат солинади, – тушунтирган бўлди.

Шерик кулимсиради:

– Ҳали рассомман, дегин, ошна? У ёқда расм чизишингга вақт бўлармикан?

***

…Ўша бола айтган гап тўғри чиқди. Расм солиш тугул, 10-15 дақиқа китоб варақлашга фурсат йўқ. Саҳар олтида штабда бўлиш керак. Бунинг учун камида беш яримда уйғониш, нонушта қилиш... эҳҳе. Даладан қош қорайганда қайтилади. Кечки овқатдан сўнг куннинг қандай ўтгани сарҳисоб қилинади. Қулоқсизлар билан сессия пайти гаплашилишини шаъма қилишади.

Ётар вақти ярим тунгача чўзилиб кетади.

Қисмат аввал эгилиб, бу паҳмоқ толани теришга шўнғийди-да, терлаб-пишиб, бармоқлари шилиниб ўзини бир дунё пахта тергандай ҳис қилиб, тарозига торттиради: 5-6 кило. Ҳафсаласи пир бўлиб, эгатга қайтади. Меъёрга яна 60 кило бор...

Э-э, бу рақамларга етиб бўлса экан. "Ватан хирмонини тўлдиришни шараф билган илғор терим­чилар"­нинг нафратли нигоҳига йўлиқмаслик илинжида кўзини ерга, осмонга, дала четидаги соялари армон теракларга тикади. Нима қилсин? У қилса ҳам, бу қилса ҳам теролмаяпти. Тўғри, пахта теришни эплолмайдиган талабалар кўп. Лекин улар ўзларига теримчи ёллашган. Бу қўли чаққон маҳаллий аёллар бойвучча талабаларнинг планини зиёда қилиб бажаришар, уларга ортиқча гап теккизишмасди. Оқбилакойимларнинг ўзлари эса фақат ректор ёки бирор комиссия саноқ учун келганда далада кўринишар, қолган вақт соя-салқинда тараллабедод. Қисматнинг бундай ҳашаматга қурби етмайди. Ўзи ҳам бундай айёрликни истамайди.

Уни бир савол қийнар эди. Алал­оқибат режани мана шу заҳматкаш  аҳоли бажарар экан, нима учун улар теримга расман, тўғридан-тўғри жалб этилмайди. Фойдасиз, ландовур талабани ўқишдан қолдириб, икки ойлаб судраб юришдан не маъни бор? Ана, фермер ҳам тан олди-ку: "Сенларнинг турган-битганинг зарар" деб. Қолаверса, талабанинг вақти сарҳисоб қилинганда, қарийб ярим йилга тенг талабалик умри ўқиш, изланиш ўрнига, пахта даласида тентиб ўтиб кетяпти-ку! Мамлакатнинг келажаги нима бўлади?

Қисмат шуларни ўйлаб оғринар, аммо ҳеч кимга тиш ёрмасди.

***

…Штабда сусткаш теримчиларни яна койишди. Ватанни севмасликда айблашди. Қисмат далага бириктирилган фалсафа домласига юзланиб, барча бирдай пахта теролмаслиги табиий экани, Эйнштейн айтгандай, аслида ҳамма қайсидир жабҳада маҳоратли бўлиши, лекин агар балиқ ҳақида дарахтга чиқа олиш қобилияти орқали хулоса чиқарсангиз, у бутун умр ўзини аҳмоқ, деб ўйлаб ўтиб кетишини айтди.

– Масалан, шу пахта даласини бутун гўзаллиги, таровати билан чиза оламан. Қўлингизни чўзсангиз бепоён далада пайдо бўлгандай сезасиз ўзингизни. Ватанни севишим суратларимда намоён бўлади, пахта теришимда эмас…

– Отангга у ишни ўргатма, – деди домла. Болалар пиқиллаб кулишди.

– Тушунмадим? – Қисмат чиндан ҳам гапнинг нимкосасини англамаганди.

– Фалсафа олимига фалсафа сўқима, овсар. Ўзинг термай тағин бошқаларни агитация қиляпсан! – гапини тугал қилди домла.

***

Эртаси куни у жон-жахди билан, нима қилиб бўлса ҳам шу лаънати режани бажаришга уринди.

Иши уна бошлагач, этагини тагига кўрпача қилиб жойлади-да, кузатди: пахта даласи чиндан ҳам бир асар бўлгулик экан. Бепоён далада оқ олтин барқ уриб очилиб ётибди. Худди паға-паға булутлар ерга, мана шу далага тушиб олгандай. Пахта даласи – ердаги осмон. Даладан тепага бижирлаб ер тафти, ҳовури кўтарилади…

 Кейин курсдошларига разм солди: улар қандоқ қилишяпти?.. Ҳаммаси у ўйлагандай ватанпарвар эмас экан: далада ғалати ишлар бўлаётганини энди фаҳмлади.

Трактор томонга яқинлашар экан, бир ғуж шум талабалар домланинг кўзини шамғалат қилиб, аллақачон ортилган этакларни бир-бирларига узатар, битта пахта уюми икки-уч карра тарозига тортиларди.

Ҳамма ишнинг бошида энг ёши улуғ талаба – носкаш Ражаббой турарди. Тушликдан сўнг уни гапга олди:

– Жон ака, ҳар куни гап эшитиш безор қилди. Териш қўлдан келмайди, сотиб олишга пул йўқ. Қўллаб юборинглар, Самарқандга борсак зиёфат мендан!

Носкаш аввал ўзини гўлликка солди, каловланди.

– Ака, ўзим кўрдим ҳаммасини… бировга чақиб бераман деганим йўқ. Фақат бир киши қиладиган иш эмас экан-да.

– Бўпти, фақат ўзинга эҳтиёт бўл, – кўнган бўлди.

Қисмат сал нари кетгандан сўнг, шериклари билан пичир-пичир қилди. Нималарнидир имо-ишора қилиб уларга тушунтирди. Кейин туйқус кулги кўтарилди.

…Ҳар сафар шерикларига тележканинг баҳайбат тут дарахти пана қилган орт қисмидан этак айлантиришни буюрадиган Ражаббой, Қисматни йўл ёқаси томондан келишга имлади.

– Нима бўлса бўлди, таваккал. Қисмат шундай ўй билан тележкани ёнлаб ўтди. Аллақачон усталик билан илдириб қўйилган ўз этагини елкасига ташлаб, 4-5 қадам одимлади…

– Тамом бўлдим! – яшин тезлигида ўйлади Қисмат. Декан ўринбосари у томон шаҳдам қадамлар билан, қовоғини тунд қилиб келарди.

– Сиғдиришмади, бекорга йўл ёқасидан кел, демаган экан. Улар замдеканни узоқдан кўрган… Э, баттар бўл! Шу ҳаром ишга қўшилмаслик керак эди! – ўзини койиди.

Баттар бўлди: Қисматнинг боши гангиб, қулоқлари шанғиллаб ёнбош томон қулади. Доим қаддини кериб юрувчи, шундан бўлса керак талабалар орасида Керматов лақабини олган декан ўринбосари Қисматнинг чаккасига шапалоқ тортиб юборган эди. Қисмат Керматовнинг оғзи қимирлаётганини кўриб турса ҳам, худди сув остига шўнғигандай нима деётганини эшитмади, қулоғи батанг бўлиб, нуқул шанғилларди.

– …такасалтанг, виждонсиз! Тағин бу кишим рассом, санъаткор, ўзларини маданиятли қилиб кўрсатадилар. Қип-қизил каззоб экансан-ку! Ўғри! Ҳайф сенга!

Ўйлаб қараса, шу ёшга кириб ҳеч кимдан тарсаки емаган экан. Аттанг, хунук иш бўлди...

– Ука, ғам чекманг, ўзим сизга териб бераман шу ўлгур пахтани. Пулингиз керак эмас! – қўшни эгатдаги маҳаллий аёллардан бирининг гапи Қисматнинг хаёлларини тар­қатиб юборди. – Пахтанинг ташқариси оқ, ичи қора бўлади. Битта тарсаки нима, ўзбек халқи қанча қон ютганда.

Қисмат негадир тарихчи тоғасини эслади: – Пахта яқин ўтмишда халқ­ни қон қақшатгани рост. Бироқ ўшанда биз СССР таркибида кимларгадир тобе бўлганмиз. Минг чаноққа минг марта эгилган ўзбекнинг пахтаси марказга ташиб кетилган. Кейин "Пахта иши", "Ўзбек иши".

Хўп, ўшанда кимларгадир тобе бўлганмиз. Ҳозир-чи? Нега ҳануз одамлар оёқ ости? Ахир энди мустақилмиз-ку! – Ўйлар унинг қалбини тимдалади.

Кечки штабда уни шарманда қилишмади. Шу куни вилоятнинг режани тўлиқ бажаргани муносабати билан байрам тадбирига ҳозирлик кўрилаётган эди. Штаб ёнидаги таммаддихонани талабалар ғимирлаб безатишар, лунжларини шишириб шар пуфлашар, хушбўй таом иси ҳамма ёқни тутган, тўрда микрафон билан минбар ўрнатилаётган эди.

Сал ўтмай унда яшил бўйинбоғ таққан, бақалоқ киши сўзга чиқди. Узоқ гапирди. Яхши нотиқ экан. Илғор теримчиларга совға-саломлар, пул мукофотлари топширилди. Энг катта совғани Ражаббой олди. Бу ҳам майли, ўша бақалоқ киши илғорларни шерга, дангаса теримчиларни чия­бўрига қиёс қилди. "Улар хоин!". Бу гап Қисматнинг юрагини тешиб ўтди.

– Мен ватан хоини эмасман, мен юртимни яхши кўраман. Пахта теролмайман, холос! – Қисмат ярим тунгача уйқуга кетолмай, жиғибийрон бўлди.

Эртаси куни далага тушишганда Ражаббой "Хоинмасман, хоинмасман", деб ҳиринглади.

Қисмат уйқусида алаҳсираган экан.

***

Керматов уч-тўрт кун таҳликада юрди: Қисматнинг юқорироққа шикоят қилишидан чўчиган эди. Ҳазил гапми, жаҳл билан берган зарбидан учиб кетди-я. Бир ҳафталар ўтгач, кўнгли жойига тушди. Демак, шикоят қилмайди.

***

Октябрь оёқлаб, вилоят режани ортиғи билан бажарганига қарамай, мавсум давом этарди. Учинчи терим якунланган, дала ҳувиллаб ётарди.

– Қулиев, энди анжомларингни олиб, бемалол сурат чизсанг бўлади, – Қисмат Керматовнинг гапидан бироз таажжубланди. Юзига аямай шапалоқ тортган, уни хоинга чиқарган декан ўринбосари шуми?

– Уйга борганда чизарман, – зўрға жавоб қилди.

– Бугун сени бир жойга обораман.

Қисмат бош ирғади. Рози бўлмай кўрсин-чи!

Қисмат, Керматов ва фермер аранг яримлаган темир аравани тракторчи бошчилигида марказга топширгани кетишди. У ерда "айлантириш операцияси"нинг каттароғи бўлар экан. Ярим тонна чиқмайдиган пахта бир ярим тонна деб ёздирилди. Ёзув-чизув қилаётган йигитга аввал у ёқ-бу ёққа аланглаб бир конверт тутқазишди.

Кейин туман марказидаги аллақандай бинога киришди. Катта йиғилиш бўларкан. Одам сиғмайди.

Каттаконлардан бири залга кириб келгач, мажлис бошланди. Ў-ў, бунақа дилсиёҳликни Қисмат умрида кўрмаган. Айтилмаган гап, сўкиш қолмади. Навбат Керматовга келди. Пахта икки баробар ошириб ёзилган бўлса-да, Каттакон учун камлик қилди. Керматовни силтаб ташлади.

Бу сўконғич раҳбарни қаерда кўрганди... Бирдан ёдига тушди. Байрам куни бўйинбоғ тақиб, ҳаммага лутф қилган арбоб! Фақат бу сафар кўзлари олайган, тупук сачратиб бақирарди:

– …Ифлослар! Пахта йўқ десанг кўзларинг оқиб тушади сенларни. Бир чаноқ-ярим чаноқ бўлиб ётибди, уни битта қўймай териш керак…

Тун яримдан оққанда мажлис тугади. Штабга қайтишаркан, Керматов ҳорғин, аммо кулиб турган нигоҳларини Қисматга қадади:

– Агар биров сени йўқ айбинг учун ҳақорат қилса, жавоб қайтаришга, туриб кетишга имконинг бўлмаса, типратикан услубини эсла. Яъни, бошингни эг, яшириниб ол...

Керматов қиқирлаб кулар, кўзлари маъюс эди.

Ботир ТЕМИРОВ.

  • 20-07-2019
  • | 23 |
  • № 23