www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

ШИДДАТ БИЛАН ЯШАШ ФУРСАТИ

Ҳали юртимиз тарихида ўқилмаган саҳифалар кўп. Чекка қишлоғу манзилгоҳларда абадий қўним топган ва биргина номи билан минг йилликлардан хабар бериб турган тарихий шахслар, қадамжолар талай.  Имом Шамсуллаимма Ҳалвоий номи билан аталувчи қишлоқда бўлганимизда бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Яратувчанлик, бунёдкорлик шижоати билан яшаётган қишлоқ, маҳалла аҳли, уларнинг бугуни ва ибратли ҳаёт тарзини ёритишни ана шу тарихий қадамжолардан бошладик.

Исломшунос Ҳалвоийни таниймизми?

Деярли йўқ, дейишга маълум маънода асосларимиз етарли. Чунки унинг асл номи, фаолияти биз учун кўп йиллар номаълумлигича қолди. Биламизки, тарихда Имом Аъзам, Имом Ҳанбал, Имом Абулайсий каби ўнга яқин самарқандлик ҳадисшунос, каломшунос ва фиқҳшунос олимлар яшаб ўтган. Имом Шамсуллаимма Ҳалвоий ана шу олимларнинг пешқадам вакилларидан бири эди. Аллома яшаган давр X аср охири ва XI асрнинг бошларига тўғри келади.

Қишлоқ оқсоқоли Сафарбой Қодировнинг таъкидлашича, аллома дахмаси 1997 йилда очиб кўрилган. Дахма ичидан араб ёзуви туширилган қора тусдаги йирик қайроқтош ҳамда қорахонийлар даврига мансуб ўндан ортиқ пишиқ ғиштлар топилади. Ҳозирда топилмаларнинг беш-олтитаси сақлаб қолинган. Аммо етарлича ўрганилган эмас.

Тарихчи олим К.Каттаев Ҳалвоий шахсини илк манбалар асосида ўқиб ўрганди. Улардан бирида "Ҳалвоий" касбга оид нисбат экани қайд этилади: "Ҳалвоийнинг оталари ҳалво сотар эканлар. Олимларга ҳалво ҳадя этиб, ўғли ҳақига дуо қилишларини сўрармиш", дейилади  "Китоб ул-ансоб" асарида. Чунончи, Қаффоли Шоший – қулфчилик, Имом Собуний – совунчилик, Нақшбандий – нақшинкорлик билан шуғуллангани тарихдан яхши маълум. Ота касбини танлаган ал-Ҳалвоий ҳам ҳалво сотиш билан тирикчилик қилади.

– Афсуски, алломанинг ҳуқуқшунослик, калом ва тавсир илмига оид бирорта рисоласи ҳанузгача топилган эмас, –  дейди С.Қодиров. – Аммо ўз даврида ва ундан кейин ҳам Бағдоднинг илмий мадрасаларида дарслик сифатида ўқитилган бўлиши шубҳасиз. Демак, бу асарлар дунёнинг қайсидир музей ёки кутубхоналарида сақланмоқда. Шунга ишончимиз бор. Эндиликда мазкур ишларни давом эттирадиган, Ҳалвоийнинг ислом маънавияти ривожига қўшган илмий-ижодий меросини ўрганувчи тадқиқотчилар керак. Қолаверса, алломанинг ёдгорлиги устига мақбара тикланса, яна бир эзгу иш амалга ошган бўлар эди.

Лайлаклар чинорга Қайтади...

Уларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келган баҳайбат уяси 1987 йилги кучли шамолдан сўнг пастга қулаб тушганди. Чинор эса барҳаёт. 2012 йилда унинг ҳам ёшини аниқлашга уринишлар бўлган. Мутахассислар дарахт танасини махсус ускуна ёрдамида тешиб, минг йилдан ортиқ яшаб келаётганлигини айтишади. Чинор қишлоқ аҳлининг ифтихори. У ҳақида бир-биридан қизиқарли воқеа-ҳангомалар юради. Биз эса Санам опанинг хотираларига қулоқ тутамиз:

– Чинорнинг айлана диаметри 40 метрни ташкил этади. Пастки қисмида туйнук бўларди. Болалагимизда икки-уч маротаба кирганмиз ҳам. Онам чинорнинг салкам олтмиш йиллик тарихига гувоҳ бўлган. 1933-35 йиллари қулоқлаштириш авж олади. Уйида "эскича" китоб ўқийдиган маърифатли кишилар тузум офатидан чўчиб, китобларини чинор туйнугига яшириб қўйишади. Онам уларни кечаси чироқ ёқиб, шу ерда китоб ўқишлари ҳақида сўзлаб берарди. Бу китобларни биз ҳам кўрганмиз. Кейинчалик, туйнук оғзи тупроқ билан ёпиб ташланди. Китоб ва бошқа буюмларнинг ҳоли не кечганидан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Ваҳоланки, ўтган йиллар мобайнида чинор ичида хужра борлиги кўпчиликнинг ёдидан кўтарилди. У ўз бағрида қанча сирларни яшириб келаётгани бизга номаълум.

Дарвоқе, чинор лайлаклари. Ўша йилги мудҳиш воқеага гувоҳ бўлганман. Қулаб тушган уянинг ичида иккита лайлак боласи турарди. Бирининг оёғига жиддий шикаст етибди. Уйга олиб келдик. Бир ой тахтакач боғлаб, парвариш қилганмиз. Соғайгач, ўз ихтиёри билан учиб кетди. Уяси жуда қадимий эди. Ишониш қийиндир. Бироқ ердан икки-уч арава ўтин, ҳас-ҳашак йиғиб олганмиз, ўшанда. Лайлаклар бўлса, қайтиб ин қурмади. Икки йил кўриниш бериб, яна ғойиб бўлди. Онам вафотлари арафасида бир гапни айтиб кетдилар. Сувда балиқ кўринган куни улар қайтиб келармиш. Ҳозир ариқларда сув саёз оқади. Аммо қишлоқ аҳли қачонлардир яна пишқириб оқувчи ариқлар балиқларни олиб келишига, ўша лайлак авлоди қайтиб, қишлоқни, асрий чинорни макон этмоғига астойдил ишонишади.

Ажзийнинг мактаби Қачон "очилади"?

Биринчи жадид мактабларидан бири Ҳалвойида очилган. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий Қўқондан келиб, шу ерда тажриба ўрганган эди. Жадидшунос олим Бегали Қосимов шоир ижоди ва унинг жадид мактаби хусусида туркум мақолалар эълон қилди. Ҳақиқатан, мактаб биноси 1903 йилда Саидаҳмад Сиддиқий (Ажзий) ташаббуси билан қурилган бўлиб, шоирнинг ўзи ҳам узоқ йиллар дарс берган.

Эски бинонинг ташқи ҳолати яхши сақланган. Бунда 19-умумтаълим мактаби жамоасининг ҳизматлари катта. Аммо тан олиб айтиш керак, бинонинг ички қисми анчайин қаровсиз аҳволда. Эшик ва деразалар тамбаланган. Синфхоналар салкам омборхона вазифасини ўтай бошлабди.

1989 йили шоирнинг 125 йиллиги нишонланди. Шу йилги матбуот саҳифаларида ёритилган мақолаларга кўз югуртирдик. Аён бўлдики, мактабни сақлаб қолиш, уни музейга айлантириш ҳақида ўша пайтдан бошлаб бонг уриб келинмоқда. Ўйлаб қолади киши, наҳотки шунча вақт бунга имкон, шароит топилмай келган бўлса?

Хўп, музей бўлса бўлар. Аммо уни тўлдириш масаласи қандай ҳал этилади, деган савол туғилиши табиий. Ўз-ўзидан маълумки, Сиддиқий ўзбек матбуоти ривожига ҳисса қўшган куюнчак жадидлар сафида эди. 1915-1920 йилларда унинг қатор публицистик мақолалари газеталар юзини кўрган. "Майна", "Гулном", "Олмос" тахаллусларида сатира ва юморга бой асарлар ижод қилди. "Ибрат ойнаси", "Одоб сўзи", "Ҳикмат хазинаси" каби достон ва шеърлари мавжуд. Холбуки, мактабда уларнинг ҳеч бирини ҳозирча учратмайсиз.

Энди масаланинг иккинчи томони. Биз гувоҳи бўлган қадимий Ҳалвоий қабристонида қорахонийлар ва ундан кейинги йилларга мансуб турли буюм, осори-атиқалар учрайди. Улар ҳам ана шу музейдан муносиб ўрин олиши мумкин. Фикримизча, бу масканда туманнинг мактаб-маориф тарихини ёритувчи маълумотларга ҳам жой ажратса бўлади. Бундан ташқари, маҳаллада илм-фаннинг турли тармоқларига ҳисса қўшган шахслар, уларнинг илмий-ижодий мероси бор. Қисқаси, тарихий мактабнинг нуфузини белгилайдиган омиллар талайгина. Унга сиртдан разм солдик. Назаримизда, эшиклар яна очилиши учун мутасаддиларнинг бироз эътибори етишмайроқ турганга ўхшайди.

Убайдулла ака нега Қуён сотмаяпти?

Убайдулла Йўлдошевнинг асли касби иқтисодчи. Ошпазлик эса унинг қонида бор. Келган меҳмонни қандай сийлашни яхши билади. Ундаги ғайриоддий бу қизиқиш, маҳорат жуда камёб ҳодиса. Қуён гўштидан 13 хил таом тайёрлай олишининг ўзи бир санъат. Қизиғи, бу жараён етти дақиқадан ошмайди. Икки дақиқаси тирик қуённи қозонга шайлаш, қолгани таом пиширишга сарф бўлар экан. "Бунақа услуб "Гиннеснинг рекордлар китоби"га ҳам киритилмаган", дейди унинг ўзи ҳам.

–  Дунёда қуён гўшти етиштириш бўйича Италия мамлакати етакчи ўринда туради, – дейди у. – Бу ерда йилига 33 000 тонна қуён гўшти етиштирилади. Парҳезбоп маҳсулот аҳолининг ўзидан ортмайди. Аслида гўшт маҳсулотлари холестириндан ҳоли эмас. Фақат қуён гўшти бундан мустасно. Шуларни билгач, қуён боқишга ва гўштидан таом тайёрлашга қизиқишим ортган.

Яқинда тижорат банкидан 7 миллион 200 минг сўмлик имтиёзли кредит олиб, қуён сотиб олдик. Ўтган йили мамлакатимизга Янги Зеландиянинг зотдор қуёнлари келтирилган эди. Қизиқиш устун келди. Қолаверса, шундай шароит яратилган экан, ундан фойдаланиш, ўз навбатида фойда кўриш ҳам керак. Уч ой аввал Сирдарёга келтирилган зотдор қуён болаларидан 46 дона олиб келдик.  Ҳозир улар 200 тадан ошиб кетди. Битта боласини 150 000 сўмга сўраб келаётганлар бор. Биз эса ҳозирча сотишни эмас, кўпайтиришни мақсад қилганмиз.

Қуён қуруқ озуқани хуш кўради. Ҳар қандай ҳўл ўт ва озуқа ичак фаолиятини ишдан чиқариши мумкин. Сезгир жонивор ички аъзоларидаги ўзгаришни дарҳол пайқайди. Кейин янтоққа "ружу" қўяди. Қуён бор жойда, янтоқ ҳам бўлиши керак. Бу унга табиат инъом этган доривор ўсимлик. Халқ табобатида янтоқ ичак хасталикларига даво, дейилади.

Оддий қуён боласи туғилган вақти 50 грамм, Зеландия қуёни эса 70 грамм тирик вазнда бўлади. Биринчиси 6 ойда, зотдор қуён эса 2 ойнинг ичида тайёр бўлиб, 3-5 килограмгача вазн тўплайди.

Шуларни ҳисобга олган Убайдулла аканинг бирдан бир мақсади қуёнчиликни ривожлантириш. Яқин йиллар ичида қуён гўштидан колбаса маҳсулотлари тайёрлайдиган ускуна харид қилиш ниятида. Терисидан телпак ва болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.

"Кунинг асаларидай Ўтса..."

Баҳриддин Рустамов умрининг салкам олтмиш йилини илмга бағишлаган инсон. Асаларичилик тармоғи бўйича қатор илмий монография ва услубий тавсиялар муаллифи. Қишлоқ хўжалик институти олимлари билан ҳамкорликда яратган "Тактик" препарати соҳада катта янгилик, дея эътироф этилган. Маълумки, воротоз касаллиги асаларининг ашаддий кушандаси. Қушлар орқали тарқаладиган ушбу касалликка бир қанча таъсир чоралари қўлланилган. Улар орасида Б.Рустамовнинг изланишлари алоҳида қимматга эга.

– Асалари прополиси кўпгина касалликларга шифо бўлади, – дейди олим. – У нафақат инсон танасидаги, балки ветеринария соҳасида учрайдиган баъзи касаллик турларига даво бўлиши мумкин. Дастлабки кузатув-таҳлилларимизни чорва молларида синаб кўрдик. Натижаси яхши. Яқин йиллар ичида бу хулосалар умумлаштирилса, асаларининг инсоният, ҳайвонот ва ноботот оламига қанчалик фойда келтириши яна бир бор ўз исботини топади.

Дарҳақиқат, илм тубсиз уммондай гап. Шўнғисанг бас. Саксоннинг остонасида ҳам изланишга куч, ғайрат уйғотаверади. Домла асаларичилик илмидан ҳикмат топган ана шундай инсон: "Асалари меҳнаткаш жонзот. Куни асаларидай ўтган инсон – бахтли инсон. Унинг меҳнатидан ўзи ҳам, эл-юрт ҳам манфаат топади". Булар домланинг изоҳ талаб қилмайдиган сўзлари...

Бедана рЎзFорни "тебратади"

Аввалига бироз таажжубимиз ортди. Кейин эса уй бекаси қафасни очиб, тухумларни кўз олдимизда йиғиб олди. Нақ 300 та!

– Бу олтмиш минг сўм даромад дегани, – дейди Р.Норқулова. – Уч ой аввал бедананинг 1500 та полапонини келтирган эдик. Тухум бераётганига йигирма кундан ошди. Парвариши ҳам қулай. Рўзғорни тебратадиган камхарж парранда бу. Шу боис яна 1000 дона олишга буюртма берганмиз.

40 тикувчининг устози

Маҳаллада уюшмаган ёшлар билан ишлаш, хотин-қизларни касбга йўналтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Муниса Анорова ҳам саккиз йилдан бери қишлоқда тикувчилик билан шуғулланади. Ана шу йиллар давомида қирққа яқин шогирд тайёрлади. Улар орасида турли ёшдаги хотин-қизлар бор.

– Тикувчилик касби ҳеч қачон завол билмайди, –  дейди М.Анорова. – Ўрганишнинг эрта-кечи йўқ. Якка тикиш билан чегараланиб қолмадим. Ҳунар ўрганишни истаган хотин-қизларга шароит яратганмиз. Иккита тикув машинаси улар ихтиёрида. Қишда кўпроқ аёллар келиб ҳунар ўрганишади. Ҳозир ёз фасли. 7 нафар ўқувчи-қизлар ҳунар ўрганмоқда. Оналари таътилда бекор юрмасин. Ҳунар ўргатинг, деб ишониб топширишган. Демак, озгина эътиборингиздан кимдир манфаат топар экан, бундан қувониш керак.

Келажакнинг нурафшон йЎллари

Маҳаллада ибратга арзигулик яна кўплаб жиҳатларни санаб ўтиш мумкин. Биргина мисол, 6 гектар майдонда Корея технологиясига асосланган замонавий иссиқхона барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари якунланиш арафасида. Келгуси йилдан бу ерда яна 10-15 нафар киши доимий иш билан банд бўлади. Булар шубҳасиз, минг йиллик тарихга эга халқнинг эртаси янада нурафшон бўлишидан дарак бермоқда.

Шерзод ИСОҚУЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

 

  • 21-08-2017
  • | 249 |
  • № 22