www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

700 га яқин томорқага сув етиб бормаяпти. Нега?

Фикримни чуқур мулоҳаза ва аниқ далилларга асосланиб ёзмоқдаман. Қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллар фаолият юритган мутахассис сифатида бир муаммо мени анча вақтдан бери ташвишлантириб, ўйлантириб келади.

Қиш фасли азал-азалдан деҳқончиликда йирик сув иншоотлари, ариқ-зовурларни тозалаш учун қулай фурсат ҳисобланган. Гап аҳолининг деҳқончилик маданиятини ошириш, бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиш хусусида борар экан, биринчи навбатда, сув тақсимотини оқилона ҳал этиш зарур. Бунинг учун аввало, ариқ-зовурлар тозалиги мавжуд талабга жавоб бериши лозим.

Бугунги кунда туманимизнинг бир нечта маҳалла-гузаридан оқиб ўтувчи ариқ-каналлар умуман қазилмасдан, эътиборсиз қолиб кетяпти. Натижада 1000 гектардан зиёд суғориладиган майдонларга сув етказиб бериш катта муаммо бўлиб қолди. Ҳар йили аҳоли томорқаси ҳиссасига тўғри келувчи 300-400 гектарга яқин унумдор ерлар сувсизлик оқибатида фойдаланмасдан қолиб кетаётгани ёки кутилган ҳосил олинмаётгани айни ҳақиқат.

Масалан, Каттақишлоқ ва Ҳолвойи маҳаллалари аҳолисининг катта қисмига ариқлардан сув етиб бормайди. "Мирза ариқ" каналидан сув оладиган "Нишаб" ва "Мойли чуқур"  ариқларининг Катта ўзбек трактигача бўлган қисми узоқ йиллар қазилмасдан қолгани бунинг асосий сабабидир.

Ваҳоланки, биргина "Нишаб" ариғидан 7 та қишлоқ, яъни деҳқончиликка яроқли 800-900 гектарга яқин майдон суғорилиши керак. "Мирза ариқ"нинг Хашдала дарғатидан бошланувчи мазкур ариқ туман марказидаги Гулистон, Тошкент, Аҳмаджон Қурбонов ва Самарқанд маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтади. Таассуфки, ариқнинг 2-3 километрга тенг муҳофаза ҳудудини бугун аксарият хонадон эгалари ўзлаштириб олишган. Оғилхона, айвон сингари қўшимча бинолар қуриб, ноқонуний фойдаланиб келишмоқда. Ариқ эса қум ва маиший чиқиндилар билан тўлиб-тошяпти.

"Нишаб"нинг темир йўл остидан ўтган қисми ҳам аянчли аҳволда турибди. Темир йўл остидаги 40-50 метрлик қувур ичи тўлиб қолган. Уни қўл кучи ёрдамида тозалаб бўлмайди.

"Мойли чуқур"  ариғининг бугунги ҳолати бундан-да ачинарли. Ҳолбуки, туман маркази аҳолисидан ташқари 4 та қишлоқ ҳудудига қарашли 300 гектарга яқин унумдор ерлар мазкур ариқдан сув ичиши керак. Дейлик, Шайман ва Равот қишлоқларининг ўзида суғориладиган умумий ер майдони 80-90 гектарни ташкил этади. Аммо ўша сув ҳозир бу ерларга етиб бормайди. Сабаби эса маълум.

"Мирза ариқ" каналидан сув оладиган "Мойли чуқур" ариғи Алишер Навоий маҳалласи ҳудудидан бошланган. Бир қисми "Ватанпарвар" ташкилотига қарашли Жомбой автомобиль мактаби, туман газ идораси ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудидан ўтади. Бир вақтлар нафақат аҳоли, балки мазкур ташкилот вакиллари ҳам ариқ тозалаш, ободонлаштириш  ишларига бош-қош бўлишар эди. Охирги йилларда бунга эътибор сусайди. Қазиш ишлари тўхтаб қолди. Атрофини ноқонуний ўзлаштиришга қаратилган уринишлар, соҳанинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани туман марказидан анча олисда жойлашган ҳудудларда сув танқислиги муаммосини келтириб чиқармоқда.

Бундай ҳолатни "Тўққиз ариқ" мисолида ҳам кўриш мумкин. Ариқнинг Чалақўрғон ва Ҳолвойи қишлоғига тегишли қисми бутунлай қум билан қопланган. Манғит ва Боботепа  қишлоқларига сув етарли миқдорда бормаяпти. Агар ариқ "Қурбонобод" каналигача техника ёрдамида қазиладиган бўлса, муаммо ўз-ўзидан барҳам топади. Ҳозирча Катта қишлоқ маҳалласида – 180, Ҳолвойи маҳалласида – 220, Саричашма маҳалласининг Манғит ва Боботепа қишлоқларидаги 280 та хонадон томорқасига ариқдан сув етиб бормаяпти.

Саричашма-Чалақўрғон қатнов йўли ўтган "Тўққиз ариқ" кўприги эса жиддий муаммоларга сабаб бўлаётир. Йиллар давомида қазилмай келинаётган ариқ деярли кўприк билан баробар ҳолга келган. Бу автотранспортлар қатнови учун қатор қийинчиликларни келтириб чиқараётир. Фермер хўжаликлари суғориш мавсумида сувни кўприкнинг устидан юргизиши мантиқан тўғрими?

Шу ўринда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, сув истеъмолчилари уюшмаси, ирригация тизими бошқармаси, туман сув назорат инспекцияси каби қатор мутасадди ташкилотлар томонидан юқоридаги ишларнинг ўзибўларчиликка ташлаб қўйилишини қандай изоҳлаш мумкин?  Бу борада ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик кенгашининг ўрни қани?

Президентимиз Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунида "Қишлоқ хўжалиги соҳасида номига, кўзбўямачилик билан иш юритиб, натижага эришиб бўлмайди", "Гап фақат ишни фидойилик ва омилкорлик билан, тўғри ва самарали ташкил этишимизга боғлиқ", дея алоҳида таъкидлади. Шу маънода "Томорқа – қўшимча даромад манбаи!" шиорини қишлоқ аҳолиси орасида кенг тарғиб қилиш биринчи галдаги вазифага айланди.

Энди ҳамма гап мутасаддиларнинг масала моҳиятини теран англаб, аниқ чора-тадбирлар белгилашида қолмоқда. Кўкламгача эса ҳали фурсат бор. Сув бу – ҳаёт манбаи, фаровон ҳаётимиз кафолатидир. Буни унутмайлик.

Раъноқул ЯҲЁЕВ,

меҳнат фахрийси.

***

Соҳиб САЙФУЛЛАЕВ олган суратлар.

  • 16-01-2018
  • | 334 |
  • № 2