www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Деҳқончилик ҳам илм талаб қилади

Қоракуя касаллиги помидор, картошка ва бошқа полиз экинлари ривожига қанчалик зарар келтиради?

Буғдой экстракти бодринг ҳосилдорлигини оширадими? 

Оққанот – иссиқхона кушандаси: ҳашаротдан қандай қутулиш мумкин?

Саричашма маҳалласида ташкил этилган семинарда шулар хусусида батафсил маълумот берилди.

Томорқада етиштирилаётган мева-сабзавотларни зараркунанда ҳашарот ва касалликлардан ҳимоя қилиш мавзуида ўтказилган тадбирда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти олимлари, маҳалла раислари ва соҳа ходимлари қатнашди. Дастлаб, айни вақтда парвариш қилинаётган экинларнинг ривожи хусусида сўз борди.

Оққанот – иссиқхона кушандаси

Иссиқхона деҳқончилигида ўсимлик муҳофазаси алоҳида эътибор талаб қилади. Бу ердаги илиқ, мўътадил шароит зараркунанда ҳашаротларни ўзига жалб қилиши тайин. Оққанот – барча турдаги иссиқхона экинларига жиддий зарар келтирувчи ана шундай ҳашарот. Тадбирда унга қарши курашиш чоралари атрофлича тушунтириб ўтилди.

– Оққанот пашшаси ўсимлик баргининг орқа қисмига жойлашиб олади, – дейди қишлоқ хўжалик фанлари доктори Собир Санаев. – Бир йилда 8-10 мингтагача кўпайиши мумкин. Вақтида олди олинмаса, барг қисми қувраб, ҳосил зарар кўради.

"Эмидаклопред" препарати ҳашаротга қирон келтирувчи самарали восита. Аммо тез-тез сепиб турилмаса, таъсири сезилмайди. Яхшиси, оққанотнинг табиий кушандасини иссиқхонага қўйиб юборган маъқул. Энкарзия, деб аталувчи ушбу ҳашарот оққанот личинкаси билан озиқланади. Уни махсус лабораториядан олиш имкони бор.

Қоракуянинг "давоси" бор

Қишлоқ хўжалик экинларига жиддий зарар келтирадиган қоракуя касаллиги ва унинг олдини олиш бўйича ҳам аниқ тавсиялар берилди.

– Ўсимлик қоракуяси илк бор 2012 йилда қайд этилган эди, – дейди институтнинг таянч докторанти Отамурод Пўлатов. – Ўшанда биринчи бўлиб картошка барги, пояси ва туганаги зарарланган.  Помидорга тушганда, ҳосил истеъмолга яроқсиз ҳолга келади. Бундай вақтда "Бензоат супер" препаратини қўллаш керак.

Полиз экинларидан ташқари ёнғоқ меваси, гулида ҳам қорайиб, тўкилиш аломати кузатилади. Бу қора куйиш касаллиги. Биламизки, ёнғоқ мевахўри ва олма қурти ёнғоққа тез тушади. Демак, уларни ёнма-ён экмаслик лозим. Ёнғоқ меваси қорайиб, тўкилиб тушмаслиги учун ғўра пайтида мис купарос сепилади.

Халқ ҳисобдонлари олма қуртига қарши курашни акация дарахти гуллаган вақтдаёқ бошлашган. Чунки ҳашарот айни шу пайтга келиб, олманинг гули ва баргига тухум қўяди. 42 кундан сўнг яна иккинчи авлоди чиқади. Кунлар исий бошлагач (орадан 40 кун ўтиб) учинчи авлоди келиши мумкин. Дарахт айни шу муддатларда дориланса, яхши самара беради. Фақат бир жиҳатни ҳисобга олган маъқул. Агар мева-сабзавотларнинг пишиб етилишига бир ой қолган бўлса, кимёвий препаратларни қўллаш тавсия этилмайди.

Сумалак шарбати – экинга мадор

– Инновацион технологияларни қўллаб, касалликка қарши курашиш, ҳосилдорликни ошириш устида тажриба ўтказдик, – дейди институтнинг кафедра мудири Ҳусниддин Хонкелдиев. – Масалан, ундирилган буғдой шарбати экинлар учун табиий ҳимоя вазифасини бажариши илмий жиҳатдан асосланди.

Биламизки, сумалак таоми буғдой экс­трактидан тайёрланади. Агар бодринг, қовоқ, қовун-тарвуз ва бошқа экин уруғлари унга ивитиб экилса, яхши натижа беради. Сабаби шарбат таркибида фойдали микроорганизмлар бор. Улар уруғ билан бирга ривожланиб, ўсимликни таш­қи таъсир, замбуруғ ва касалликлардан ҳимоя қилади. Маҳсулдорликни 10-15 фоизгача оширади. Биопрепаратни тайёрлаш учун 10 литр сувга 100 грамм шарбат қўшилади.

Умуман, ҳозирги кунда кимёвий дориларни имкон даражасида чеклаб, биопрепаратларни қўллаш амалиёти кириб кел­япти. Яқинда Украинадан "Байкал" номли микробиологик ўғит олиб келинди.

"Байкал" – тирик микроорганизм. Флакон идишга солинган ўғит. Экин экиладиган майдонга сепишдан аввал, уни уйғотиб олиш зарур. Хлорланмаган тоза сув билан аралаштирилса, ишчи эритма ҳосил бўлади. Ушбу биоўғит экиннинг потенциал имкониятини оширади. Мисол учун, помидорнинг потенциаллиги гектарига 40 тонна. Аммо ҳозирча 30 тонна ҳосил олиняпти. Биоўғит ана шу имкониятни оширишга хизмат қилади.

Дайкон ва рубола – томорқабоп экин

Семинарда иқлим-шароитимизга мослаштирилган янги экинларнинг фойдали жиҳатлари айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, юртимиз тупроғи унумдор, ҳар қаричида гиёҳ унади. Ана шу имкониятдан унумли фойдаланиш орқали ташқи бозор талабига жавоб берадиган неъматларни етиштириш мумкин. Ҳозирги кунда мутахассислар сайёҳлар учун манзур бўладиган озиқ-овқат турларини кўпайтириш тарафдори. Бундай маҳсулотлар  чанқоқбости, парҳезбоп, тўйимли экани билан эътиборга молик. Ваҳоланки, юртимизга келаётган сайёҳлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Демак, ана шу турдаги экинларни ўзимизда, хусусан, томорқада  етиштириш орқали, янги имкониятлар қўлга киритилади.

Биргина мисол. Бугунги кунда хитой, япон ва корейс ошхонасини дайкон ва рубола ўсимлигисиз тасаввур этиш қийин. Халқ орасида оқ турп номини олган дайконни томорқада етиштириб ҳам юқори ҳосил олиш мумкин. Айни вақтда меҳмонхоналарда бунга талаб катта. Бир вақтлар гулкарам ана шу эҳтиёж сабабли маданийлаштирилган. Бугун эса кенг истеъмолдаги маҳсулот саналади.

Саримсоқнинг барги нега қурияпти?

– Бугунги тадбирда кўплаб саволларга жавоб олдик, – дейди Азамат Қобилов. – Ўтган йили август ойида томорқанинг ярмига саримсоқпиёз эккандик. Ҳозир яхши етилганига қарамай, барги сарға­йишни бошлабди. Учки қисми соат милига тескари айланиб, қувраётганди. Бу перинаспариоз касаллиги экан. Дарҳол таркибида мис купарос бўлган кимёвий препаратни қўллаш бўйича тавсия олдим.

Семинар қатнашчилари аҳоли томорқасини кўздан кечириб, экинлар парвариши билан қизиқди. Кўпчиликни қийнаб келаётган муаммолар шу ернинг ўзида ечимини топди. Бундай тадбирлар барча маҳаллаларда бўлиб ўтади.

Шерзод ИСОҚУЛОВ, "Жомбой тонги" мухбири.

  • 20-04-2018
  • | 257 |
  • № 14