www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

“КОРЕЯЛИКЛАРГА ЎРГАТГАНМИЗ...”

Бу йил туманимизда 4409 қути ипак қурти боқилмоқда. Унинг асосий қисми хориж пилласи ҳиссасига тўғри келади. Шу асосда пиллакорларимиз жорий мавсумда 270 тонна кумуш тола етиштиришни мақсад қилишган.

Пиллачиликка ихтисослашган "Тўлқин Ҳамдамов" фермер хўжалигида ипак қурти очиришдан тортиб, парваришлашгача бўлган жараён шу ернинг ўзида ташкил этиляпти. Хўжалик пиллакорлари пишиқ ва сифатли тола берувчи хориж ипак қуртини биринчилардан бўлиб мамлакатимиз иқлим шароитига мослаштирган эди.

– Пиллачиликда биз қўлга киритган янги биотехнологиялар ўз самарасини бермоқда, – дейди хўжалик раиси Марвар Бўриева. – Хориж пилласининг афзалликлари кўп. Озиқлантириш ва парваришлаш муддати қисқа. Касалликларга чидамли. Энг асосийси узун, ингичка ва сифатли тола беради. Ҳосилнинг вазни ҳам оғир. Парваришлаш маҳаллий пилла қурти технологиясидан фарқ қилмайди. Ҳозир тўртинчи уйқудан турган ипак қуртини пешма-пеш озиқлантиришга эътибор қаратганмиз. Пилла қурти озодаликни яхши кўради. Хона ҳарорати  24-25 даражадан ошмаслиги керак. Бу қуртни буғланиш ва турли касалликлардан асрайди.

Хўжаликда такрорий пилла етиштириш бўйича ҳам тажриба тўпланган. 2014 йилда Эрон, Корея ва сингапурлик мутахассислар бу ерда етиштирилган пиллани батафсил ўрганишиб, юқори баҳолашганди. Айни вақтда М.Бўриева соҳада қўлга киритган тажрибаларини вилоят миқёсида оммалаштиришни мақсад қилган.

Маълумотларга қараганда, сўнгги уйқудан турган ипак қурти 7-8 кун ичида тола ўраши керак. Баъзи хўжалик аъзолари белгиланган фурсат ўтганига қарамай, қурт озуқа талаб қилишдан тўхтамаётганлигини айтишади. М.Бўриева буни шундай изоҳлади:

– Ҳар қандай ҳолатда ҳам озуқа беришга шошилиш ярамайди. Устма-уст солинган барг натижасида сўрига ҳаво кириши қийинлашади. Бу ипак ўраш муддатини узайтирибгина қолмай, турли касалликларнинг юзага келишига замин яратади. Хона елвизак бўлиши учун деворнинг паст­ки қисмидан уч-тўртта туйнук очилади. Қолаверса, сўрига тўшалган қоғоз ўз вақтида олиниши керак. Мазкур тавсияларга амал қилиш орқали пилладан юқори ҳосил олиш мумкин.

Дарвоқе, хўжалик аъзолари ўтган йили тўрт қути ипак қуртидан 250 килограмм ҳосил олган. Бу йил 300 килограмга етказиш мақсадида астойдил меҳнат қилишмоқда. Пиллакорлар учун бўнак пулларининг ўз вақтида берилгани, меҳнат дафтарчасига киритилаётган қўшимча иш стажи ушбу соҳа ходимларининг меҳнати қадр топаётганидан дарак беради.

Шерзод ИСОҚУЛОВ, Соҳиб САЙФУЛЛАЕВ (фото).

  • 17-05-2018
  • | 55 |
  • № 17