www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Картошка сақлашни биласизми?

– Юртимизда пишиқчилик мавсуми. Мева-чева, полиз маҳсулотлари арзон. Бозордан беш-олти қоп картошка келтириб, сақлаб қўймоқчи эдик. Уй шароитида полиз маҳсулотларини узоқ вақт сақлаш чораси борми?

Жаҳонгир АЛИҚУЛОВ,

Сарой маҳалласи.

 

– Ҳа, албатта. Фақат харид қилинган ёки даладан ковлаб келтирилган картошкани дарҳол омборга жойлаштирманг. Бир қарашда кўзга кўринмайдиган, зарарланган туганаклар бўлиши мумкин. Шу ҳолида ўрага қўйилса, 10-15 кундан сўнг чириб, нухуш ҳид чиқара бошлайди. Кейин сақлаб қолиш имконсиз. Яхшиси, ковланган картошка 20-25 кун ўтгач, саралаб олиниши лозим. Лат еган ёки димиқиш туфайли зарарланганлари териб олингач, омборга қўйилади.

Узоқ вақт сақланадиган бўлса, икки-уч ойдан кейин яна бир саралаб олиниши керак. Контейнер, яшик, тўрхалтага жойлаштириб ёки тўкма ҳолида сақлаш мумкин. Омбордаги ҳарорат 2-4 даража илиқ ва нисбий намлик 80-85 фоиздан ошмаган тақдирда, маҳсулот узоқ вақт сифатини йўқотмайди.

Картошкани омборда сақлаш имкони бўлмаса, сизот сувлари яқин бўлмаган ердан ўра қазиб, кўмилади. Ўранинг эни 60-70, чуқурлиги 70-80 сантиметр, узунлиги 2-3 метр бўлиши мақсадга мувофиқ. Жойлангач, усти 10-15 сантиметр қалинликда похол ёки қамиш билан ёпилади. Сўнгра, устидан 30-35 сантиметр қалинликда тупроқ тортилади. Кузда қўйилган маҳсулотни шу ҳолатда апрель ойигача сақлаш мумкин.

Уй-рўзғор шароитида ёруғлик тушмайдиган жойда асраш керак. Агар ёруғ жойда қолиб кетса, туганаги кўкимтир тус олади. Бу соланин моддаси бўлиб, маҳсулот таъмини бузади ва аччиқлаштиради.

Яхши пишиб етилган пиёзни 18 даража иссиқда ҳам сақлаш мумкин. Муҳими, ўша жой қуруқ ва ҳавоси алмаштириб турилсин. Бизнингча, хона ҳарорати илиқ, нисбий намлик эса 70-75 фоиздан ошмагани маъқул. Пиёз музлаткичда музлаб қолган, ҳатто 30-50 даража паст ҳароратда ҳам ҳолатини йўқотмайди. Аммо бу ҳол такрорланса, сифати бузилади.

Сақлашга қўйиладиган сабзи барги сарғайгач, ковлашдан 10 кун олдин яхшилаб суғорилади. Кўмиладиган ўранинг тупроғи нам бўлиши, ўт ва барг тушиб қолмаслиги керак. Ўрани тўлдириш вақтида эланган қум солиб юборилса, сабзи сўлимайди. Эни 50-60, чуқурлиги 80-90 сантиметр қилиб ўра қазилади. Бўйи 2-2,5 метрдан ошмасин. Устига похол, қамиш тўшаб, тупроқ тортилади.

Сабзини январь-февраль ойигача ертўлада сақлайман, десангиз, полиэтилен қопга жойлаштиринг. Яшикда бўлса, остига полиэтилен қоплама тўшаш керак. Шундай қилинса, сўлимайди. Устини қум ёки тупроқ билан ёпиб, кунлик эҳтиёж учун ишлатиб борилса бўлади.

Адҳам ТУРСУНОВ,

қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, доцент.

  • 03-09-2018
  • | 17 |
  • № 32