www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

“Тоза асал”га ҳам шакар қўшишаркан…

Асалари етти хазинанинг бири, деб бежизга айтилмайди. Бу соҳани кўпчиликка нотаниш ва мураккаб томонлари бор. Найман маҳалласида яшовчи Фозил Норов йигирма йилдан бери асаларичилик билан шуғулланиб келади. У киши билан суҳбатлашганимизда, "хазина"нинг айрим сирларини ошкор қилди.

Айтишларича, шундай неъматга шакар қиёмини қўшиб сотадиганлар ҳам учрайди. Демак, "тоза асал" ибораси бежизга ишлатилмас экан.

– Асалари бор йўғи 30-35 кун умр кўради, – дейди Ф.Норов. – Кейинги авлодни очириш учун кўпроқ озуқа керак. Она асалари қатъий ҳисоб-китобга амал қилади. Озуқага қараб уруғ очади. Ишчилар меъёрдаги асални келтирмаса, насл беришдан тўхтайди. Шундай вақтларда қўшимча озуқа бериш зарур. Йўқса уларнинг сони камайиб кетади.

Уялар доим бир жойда турса қўшимча озуқага талаб ортади. Мавсумга қараб, албатта. Шу боис қутиларни гул чанги етарли бўлган ҳудудга кўчириб туриш керак.

Куз келиши билан далада гуллаш мавсуми поёнига етади. Энди қутилардан асал олинмаслиги лозим. Қишлаш учун ҳар бир уяда 3-3,5 килограмм асал қолдирилади. Бу уядаги уч-тўрт мингта ҳашаротнинг қишлаши учун етади. Январь ойининг илиқ кунлари оз-оздан қиём солиш фойдали. Ҳашарот тўқ бўлса, совуқдан омон чиқади. Баҳорда яна гуллаш мавсуми бошлангач, асаларилар бол тўплашни бошлайди. Кейин қўшимча озуқа бериш шарт эмас.

Қиём уларнинг озуқаси. Фақат боқиш учун берилади. Аммо асал олиш, миқдорини ошириш учун ундан фойдаланмаймиз. Бу табиий маҳсулотнинг сифати, шифобахшлигини "кесади". Нима кўп, ширинлик кўп. Асал фақат ширин бўлгани учун истеъмол қилинмайди. Ҳамма гап  унинг шифобахшлигида.

Айни вақтда Ф.Норов юз қути асаларини Зарбдор туманидаги пахта далаларига қўйган. Июль ойидан бери пахтадан асал оляпти. Пахтанинг фақат гулидан асал олинмайди. Айтишича, ўсимлик барг остига қорамтир шира йиғади. Ундан ҳам тоза асал олиш мумкин.

Асаларичиликда қутиларни бир жойдан бошқа жойга кўчириш сифатли маҳсулот олишдан ташқари, ҳосилдорликни оширади. Шу сабабли баҳорда Найман маҳалласи ва туман ўрмон хўжалиги ерлари танланса, кузгача Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зарбдор туманига йўл олар экан. Бу ҳар йили бир тоннага яқин маҳсулот олиш имконини беради.

Шерзод ИСОҚУЛОВ. Соҳиб САЙФУЛЛАЕВ (Фото).

  • 15-09-2018
  • | 19 |
  • № 34