www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ковулдан қачон фойда кўрамиз?

Ковулнинг шифобахш хусусияти қадимдан маълум. Туманимизнинг деярли барча ҳудудида ковул ўсади. Йўл ёқасидан тортиб, ўзлаштирилмаган ерлар, ариқ-зовур бўйларида кўп учрайди. Ундан катта даромад олиш мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Кичик, юмалоқ ва қаттиқ ҳолича терилган ковул куртаги харидоргир ҳисобланади. Ҳали очилмаган, ўн миллиметр катталикдаги гул куртаклари июль ойидан нишона беришни бошлайди. Йиғим-терим оралиғи 8-10 кундан ошмагани маъқул. Шунга амал қилинса, бутаси уч килограмгача ҳосил беради. Ўсимликдан кеч кузга қадар тўрт марта ҳосил олиш мумкин.
Мевасининг шакли, таъми худди тарвузникига ўхшаш. Баъзилар уни қуритиб, қиш дастурхони учун сақлаб қўйишади. Кексаларнинг айтишича, қоқиси қанднинг ўрнини босар экан.
Ўсимлик илдизи қуритилиб, истеъмол қилинса, аллергик касалликларга шифо бўлади. Ибн Сино астма, нафас қисиши, меъда-ичак хасталиги, яраларни даволаш, бош, тиш ва қора жигар оғриғини қолдиришда фойдаланган. Пешоб ҳайдовчи, гижжаларни организмдан чиқарувчи малҳам сифатида ҳам тавсия этган.
Жиззах, Сирдарё вилоятларига тез-тез йўлим тушади. Машина ойнасидан кўп бор кузатганман. Ёз ойлари кўпчилик ковул териб юрган бўлишади. Йўл ёқасидан тортиб, ҳатто қир-адирларгача тўп-тўп одам, қиз-жувонлар. Ҳаммаси ковул тераётгани аниқ. Чунки бу ерларда ковул етиштирувчи фермер хўжаликлари ҳам бор.
Fўбдин тоғи этакларига яқин жойлашган Қорамўйин, Fазира, Қўнғирот, Қўлбости, Шерқўрғон, Нўш ва Наймантепа маҳалласи ҳудудида ҳам ковул ўсади. Аммо юқоридаги манзарани учратмайсиз. Ҳеч ким ковул теришга чиқмайди. Оёқ остида ётган хазинага кўпчилик бефарқ.
Тўғри, бу йил Қўлбости маҳалласига харидор келди. Ковул теришга чиққанлар ҳам бўлди. Афсуски, иш чала қолди. Узоқ йўл босиб келган харидор мавсум охиригача турмади.
Хўш, фойдаланилмай турган мана шундай имкониятни қачон ишга соламиз? Ҳозирча, парваришлаш учун тадбиркордан маблағ талаб қилинмайди. Тайёр неъмат териб олинса, бўлгани. Бу иқтисодиётимиз, айниқса, дори-дармон саноати учун кони фойда. Ковул теришни йўлга қўйиш орқали туманда бандлик даражасини ошириш, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини янада яхшилаш имкони мавжуд.
Яхшилик ЭШМУРОД ўғли, Қўлбости маҳалласи.

  • 12-11-2018
  • | 35 |
  • № 41