www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Қўчқор ака ютқазмайди, қолганлар-чи?

Лимоннинг нархи бу йил ҳам арзонлашмади. Килоси ўн минг сўмдан кам эмас.
Талдираззоқлик Қўчқор Эшон¬қулов ҳам икки йилдан бери лимон етиштиради. Аммо бозорга олиб чиққан эмас. Чунки, маҳалланинг ўзидан ортмайди. Умр бўйи комбайн бошқарган механизаторнинг лимон етиштираётгани кўпларнинг ҳавасини келтирган. Бироқ иш бошқа, ҳавас бошқа экан-да!
У кишини одатдагидек иссиқхонада учратдик. 20 туп лимон ва мондарин ҳосили кўзни қувонтиради. Янги йил арафасида – цитрус мевалар бироз танқис, нарх-наво ошаётган вақтга бориб, улар пишиб етилади.
– Миришкор деҳқон эмасман, 32 йил механизатор бўлиб ишладим, – дейди Қ.Эшонқулов. – Нафақага чиққач, бўш ўтиргим келмади. Бошида иккиланганим рост. Қарасам, кўпчилик лимон экяпти. Кимдан кам жойим бор? Бир киши уддалаган ишни истаган инсон эплаб кетиши мумкин. Тортинмаслик, эринмаслик керак, холос. Ана шу қатъият, иштиёқ билан ишни бошлаб юбордим.
Иссиқхонамиз бир сотихдан ошмайди. Томорқанинг бир четини эгаллаган. Шунгами, бироз тордек кўринади. Аммо ҳосили мўл. Келгуси йилнинг февраль ойида яна бир сотихли иссиқхона қурсакми, деган ниятимиз бор. "Вилли франк", "Писбон", "Юбилейний", Ф-1, Ф-2 навидан экмоқчимиз. Улар қисқа вақт ичида ҳосилга киради. Ҳозирги кунда  экилган "Меъёр" нави узоғи билан икки йил ичида 30-35 килограмм мева беришни бошлайди. Шоҳидаги ҳосилни кўряпсизми? Янги йилга яқин улардан беш миллионга яқин даромад олиш мумкин.
Шу ўринда яна бир гап. Шайман деҳқон бозоридаги нарх-наво, лимон савдоси билан қизиққанимизда, бир жиҳат эътиборимизни тортди. Икки-уч растани эгаллаб, лимон сотаётган сотувчиларга юзландик. Маҳсулотни қайси маҳалладан, улгуржи нархда сотиб олгани билан қизиқдик. Афсуски, биз кутган жавоб бўлмади. Лимоннинг асосий қисми бошқа тумандан келтириб, сотилаётган экан. Шунинг ўзиёқ, томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар фаолиятини туманимизда ҳам кенгайтириш лозимлигини анг¬латмайдими?    
Мавлуда ЭРГАШЕВА.

  • 04-12-2018
  • | 13 |
  • № 44