www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Култепанинг хазинаси йўқолмасин

Ўтган йили Қўлбости маҳалласининг Тепа қишлоғидан қадимий хумдон топилгани ҳақида хабар тарқалди. Қишлоқда баланд тепалик бўлиб, тупроғи қурилиш, ғишт қуйиш учун олинаётган экан. Қазиш жараёнида эски хумдон топилибди. Бу хабар ҳеч кимни қизиқтирмагач, усталар синдириб, кўмиб ташлашганига нима дейсиз?

Қозон қишлоғимизда ҳам шундай тепалик бор. Майдони анча катта.

Ривоятга кўра, тепалик қадимда аҳоли яшайдиган маскан бўлган. Табиий офат туфайли ўт-олов ичида қолгач, бир уюм тупроқ, култепага айланган эмиш. Шу-шу, номи ҳам Култепа бўлиб кетган.

Ўтган асрнинг 60-70 йиллари қишлоқ оқсоқоли Муҳаррам бобо тепалик ҳудудини обод қилишга бел боғлади. Мевали кўчатлар экди. Узумзор яратди.

Қурғоқчилик йили тепалик бағридан сув чиқарди. Қудуқ қазиш жараёнида турли ҳажмдаги хум, кўза, заргарлик тақинчоғи, сопол ва чинни буюмлар топилди. Улар бир муддат Муҳаррам бобонинг хонадонида сақланди. Аммо у киши оламдан ўтгач, қадимий буюмларнинг тақдири мавҳумлигича қоляпти.

2005 йилда Култепанинг устки қисми текисланди ва 34-умумтаълим мактаби қурилди. Ҳозир устидаги мактабга зиналар орқали чиқилади.

Туманимиз ҳудудида бундай тепаликлар жуда кўп. Баъзи манбаларда айтилишича, ясси текислик бағрида учраб турувчи тасодифий баландликлар қадимда қўрғон, маёқ вазифасини ўтаган. Демак, Айғиртепа, Йўғонтепа, Култепа, Қизтепа номлари бежизга қўйилмаган. Улар топонимик, археологик манзил сифатида муҳофазага муҳтож. Тарихчи, археологлар томонидан ўрганилиши лозим. Минг йилликлардан хабар бериб келаётган яширин мерос завол топмаслиги керак. 

Толиб ЖЎРАЕВ,

Наймантепа маҳалласи.

  • 13-04-2019
  • | 32 |
  • № 7