www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Эчки боқинг, кўп яшайсиз

Германиялик олимлар саломатликни мустаҳкамлаш, болалар ўлимига чек қўйиш мақсадида эчкичилик тармоғини ривожлантирмоқда. Эчки сути ва гўшти иммунитетни мустаҳкамлаб, инсон организмини ёшартиради. Шу боис таомномадан доимий ўрин олиши керак, деган фикрга келишди.

Дарҳақиқат, бундай маҳсулотлар микроэлементларга бой, шифобахш ва перҳезбоплиги билан азалдан маълум. Камқонлик ва ошқозон хасталигини даволашда ишлатиб келинган.

Тан олиш керак, узоқ вақт давомида эчкичилик тармоғи бироз издан чиқди. Уларнинг генофонди майдалашиб, маҳсулдорлик пасайди. Бу эса селекция-наслчилик ишларини илмий асосда йўлга қўйишни тақозо этмоқда. Эндиликда соҳани қайта тиклаш олдимизда турган муҳим вазифадир.

Амалиётчиларнинг фикрича, янги зотларни чет элдан келтириб, жайдариси билан чатиштириш орқали бир-икки йилда янги наслларни олиш мумкин. Бу эчкиларнинг маҳаллий шароитга тез мослашувини таъминлайди.  Германиялик олимлар томонидан йўлга қўйилган мазкур усул ижобий натижа бериши шубҳасиз. Улар Украинадан зотдор эчкиларни харид қилгач, беш-ўн йил ичида мамлакат иқлимига мос янги зотлар олингани буни тасдиқлайди.

Юртимиздаги маҳаллий эчки зотлари иссиқ ва гармсел шароитга яхши мослашган. Тупроқ-иқлим шароитга чидамлилик даражаси юқори. Кластер мавжуд имкониятни тўлиқ ишга солишнинг мақбул чораси ҳисобланади. Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий текшириш институти қошида эчкичилик илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ҳам соҳа ривожига хизмат қилади.

Бунда ҳар бир бош эчки учун ажратиладиган яйлов майдонини 0,6 гектардан ажратиш ҳисобга олинса, бўлгани. Жойларда эчкиларнинг аниқ сонини белгилаш, соҳага ихтисослашган фермер хўжаликларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш орқали самарадорликни ошириш мумкин бўлади.

Хидирали БОТИРОВ,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори.

  • 13-04-2019
  • | 6 |
  • № 8