www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Помидорни картошка ўрнига экманг

Уч-тўрт йил аввал помидор арзон полиз маҳсулоти эди. Охирги пайт­да юз бераётган сув танқислиги, касаллик ва зараркунанда ҳашаротлар хуружи ўсимлик ривожига салбий таъсир кўрсатди. Ҳосилдорлик пасайиб кетди. Натижада нарх-наво ўсиб, помидорнинг истеъмол доираси қисқармоқда. Хўш, вазиятни қандай қилиб ўнглаш мумкин?

Ўлкамизда етиштирилаётган помидорнинг 70 фоизи саноат йўли билан қайта ишланади. Экспорт ҳажмининг ортгани туфайли, хориждан янги ҳосилдор навлар келтириб экиляпти. Табиийки, бу навларга хос касаллик ва зараркунанда ҳашаротлар юртимиз деҳқонлари учун нотаниш. Йиллар давомида маҳаллий турлари билан курашиб келдик. Эндиликда вазият тамоман ўзгарди. Помидорнинг маҳаллий навлари кам экиляпти.

Ўсимликка жиддий зарар етказаётган ҳашарот ўтган асрнинг 80-йилларида Жанубий Америка ва Европада кенг тарқалган эди. 2015 йилдан бошлаб, юртимиз далаларига ҳам хавф солмоқда. Дастлаб иссиқхона шароитида кўпайган помидор куяси 2016 йилга келиб, очиқ майдонларга тарқалиб кетди. Ҳозирча, унга қарши маҳаллий препаратлар йўқ ҳисоби. Кучли кимёвий воситалар асосан хориждан, қиммат нархларда олиб келинади.

Помидор куяси бир йилда 12-13 марта авлод бериб, жуда тез кўпаяди. Хавфни бартараф этиш учун ўсимликни ҳар ойда 2-3 марта дорилаб туриш керак. Албатта, бу катта маблағ ҳисобига бўладиган иш. Помидор нархининг қимматлашувига мана шу омил ҳам сабаб бўляпти.

Лекин касаллик ва зараркунандаларга қарши кимёвий курашиш вақтинчалик жараён. Асосийси, экинни тўғри ва алмашлаб экишга эътиборни кучайтириш лозим.

Дейлик, помидорни далага кетма-кет икки йилдан ортиқ экиш ярамайди. Картошка етиштирилган майдонга экиш ҳам мумкин эмас. Шу қоидага амал қилсак, зарарли ҳашаротлар қисман камаяди. Қолаверса, мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун ўлкамиз иқлим шароитига мос навларни экиш мақсадга мувофиқ.

Завқиддин БОЗОРОВ,

вилоят қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш марказининг бош мутахассиси. 

  • 20-04-2019
  • | 138 |
  • № 14