www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ғаллага занг касали хавф соляпти

Кузги ғалла навлари сариқ занг касаллигига нисбатан чидамли. Серҳосил ва доннинг сифати билан ажралиб туради. Шунга қарамай, сариқ замбуруғдан тўлиқ ҳамояланган эмас. Касаллик тез кўпайиш ва тарқалиш хусусиятига эга. Агар тегишли чоралар кўрилмаса, занг туфайли 60-65 фоиз ҳосил йўқотилади.

Ушбу касаллик эрта баҳордан бошлаб, кўк массага зиён келтиради. Битта баргда юздан зиёд, бир тупда беш-етти мингга яқин замбуруғ споралари ва ёстиқчалари бўлади.  Улар беш-етти кунда янгиланиб, тўрт-олти мартагача авлод беради.

Касалликнинг чанг зарраси очиқ ҳавода 1500-3000 метр, шамол билан 300-500 километргача тарқалиши мумкин. Зангдан зарар кўрган майса сарғаяди, қурийди ва тўкилиб тушади. Оч сариқ рангли доғлар ўсимликнинг пояси ва донига ўрнашиб қолади. Пишган бошоқларнинг енгил, пуч ҳолга келиб қолиши ҳам шундан.

Сариқ зангнинг кўпайиши об-ҳавога бевосита боғлиқ. Юқори намгарчилик ва кўп ёғингарчилик натижасида тез ривожланади. Бундай пайтда ғалла майдонларини тез-тез назорат қилиб туриш керак. Ҳар 40-50 гектар майдонга назоратчи қўйилса, касаллик ўчоқларини эрта аниқлаш мумкин.

Экиннинг сарғайиш даражасига қараб, агрокимё ташкилоти ва мутахассислар кўмагидан фойдаланиш зарур. Чунки кимёвий дорилаш ғаллани нобуд бўлишдан асрайди.

Бунинг учун бир гектар майдонга 25 фоизли "Байлетон" препаратидан бир килограмм сепиш кифоя. Ёки "Тилт"дан 0,5 литр, 25 фоизли "Фоликур БТ"дан 0,3-0,5 литр, "Титул"дан 0,26-0,30 литргача қўллаш тавсия этилади.

Давлат реестрига киритилган бошқа янги дори воситаларини сепиш орқали ҳам зангни бартараф этиш мумкин. Ҳар қандай кимёвий восита олти соат давомида ўсимлик танасига сингади. Уларнинг таъсир этиш давомийлиги 20-28 кунни ташкил қилади.

Хидирали БОТИРОВ,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори.
  • 22-04-2019
  • | 72 |
  • № 14