www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Менинг укам шахматчи

Халқаро шахмат устаси Гарри Каспаровга ютқазиб, хурсанд бўлган ягона инсон кимлигини биласизми? Бу шахматчининг отаси бўлган экан. Ўртоқларига бирор марта мағлуб бўлмаган ота ўғлининг ғалабасидан чексиз қувонади. Истеъдодини қўллаб-қувватлайди. Бу менга бир воқеани эслатади.

Кундалик ҳаракат, ўйин, сайр ва енгил жисмоний машқ­лар танани чиниқтиради. Шахмат эса мия учун тафаккур озуқасидир. Оиламизда таомил шундай. Кунимиз шахматсиз ўтмайди. Шахмат фарзандлар тарбиясида жуда асқотган. Укам эришаётган ғалабалар, аъло баҳоларга ўқишимизда шахматнинг ҳиссаси катта.

Ўшанда укам тўрт ёшда эди. Дадам ҳамкасблари билан мусобақа ўйнаб, шахмат тахтаси ютиб келганди. "Агар кимда-ким шахмат ўрганса, бу ўшаники бўлади", дегандилар.

Болалар қизиқувчан бўлишади. Дейлик, тили чиққан болакайнинг кўп савол бериши бежизга эмас. Билишга интилиш ақлий тафаккур ривожидан дарак беради. Демак, инсон мияси шу вақтдан бошлаб ўйлаш, фикрлаш, ишлашга уринади.

Укамнинг қизиқиши шундан бошланди. Аввал шахмат доналарининг вазифасини билиб олганмиз. Бобом гўё эртак айт­гандай тушунтириб берган. Агар кимда-ким доначалар вазифасини адашмай бажарса, катталардан рағбат эшитарди. Шахмат бизни бекорчи ўйинлардан чалғитган. Ўйнаб зерикмасдик. Оиламиздагилар телевизор қаршисида ҳам бизни шахматга бошқариб қўярди.

Юқорида Гарри Каспаровни эсладим. Бобом ҳам моҳир шахматчи эди. Лекин беш яшар укамга мағлуб бўлган куни қувончи ичига сиғмаган. Бу эътибор, рағбат эндиликда ўз самарасини беряпти.

Укам Шаҳриёр Аҳроров Ёшлар маркази қошида очилган шахмат тўгараги аъзоси. 2017 йил унинг учун омадли якунланди. Қарши шаҳрида ўтказилган "Қарши-опен" республика турнирида ғолибликни эгаллади. "Умид ниҳоллари" фестивалининг туман, вилоят босқичларида фаол иштирок этди.

Жисмоний машқлар билан доимий шуғулланиш танани касалликлардан асрайди. Соғ­лом бўласиз. Шахмат эса тафаккурни чархлаб туради. Ақлий фаолият кишилари ундан куч оладилар. Диққат, хотира мустаҳкам бўлади. Руҳий ҳорғинлик чекинади. Бунинг учун шахмат ўйнаб туриш, кифоя. Айниқса, оила даврасида. 

Диёра АҲРОРОВА,

таҳририятнинг "Парвоз" тўгараги аъзоси.

  • 25-01-2018
  • | 151 |
  • № 3