www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

СПОРТ ХАБАРЛАРИ

Уюшмаган ёшлар ҳафталиги доирасида спортнинг футбол туридан ҳокимлик кубоги мусобақаси ўтказилди.

Финал босқичида Эски Жомбой ва Шерқўрғон жамоалари беллашди. Туман ҳокимлиги спорт бўлими ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Ёшлар иттифоқи, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши вакиллари қатнашди.

Мусобақа якунида Эски Жомбой маҳалласи вакиллари 3:2 ҳисоби билан ғолибликни эгаллашди.

Зубайдулло ХОЛМАТОВ.

***

Туманимиздаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Ўзбекистон терма жамоаси учун номзодларни саралаш бўйича республика чемпионати ўтказилди. Тадбирда 11 вилоятдан беш юз нафардан ортиқ спортчи ёшлар қатнашди. Вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган ёшларимиз мусобақада муносиб иштирок этиб, 17 нафари юқори ўринларни эгаллади.

Жиззах шаҳрида кикбоксинг бўйича ҳудудий очиқ чемпионат ўтказилди. Вилоятимиз жамоаси таркибида иштирок этган туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари юқори натижалар кўрсатишди. Жумладан, ўн нафар ёшларимиз турли вазн тоифаларида биринчи ўринни эгаллади.

Ленур ШЕЙХМАМБЕТОВ.

***

Меҳнат фахрийси Иван Кострикен яқинда 70 ёшни қарши олади. Бутун умрини спортга бағишлаган мураббий ҳануз ёшларга футбол сирларидан сабоқ бермоқда. Яқинда унинг шо­гирд­лари Болгарияда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги халқаро турнирда иштирок этиб, ғалаба билан қайтишди. Мураббий бошқараётган тўгаракда асосан, уюшмаган ёшлар шуғулланмоқда.

***

19-умумтаълим мактаби ўқувчилари Парвина ва Шаҳноза Жумаева бир неча йилдан бери спорт акробатикаси билан шуғулланади. Яқинда Андижон шаҳрида ўтказилган 13-19 ёшли спортчи қизлар ўртасидаги республика чемпионатида иштирок этган опа-сингил спортчилар 3-ўринни эгаллашди.

***

Мактабгача ёшдаги спортчи болалар ўртасида "Taekwando-ITF" бўйича вилоят мусобақаси ўтказилди. Спорт мураббийси Ойбек Ҳасанов тарбиялаётган 5-мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари 1-ўринни эгаллади.

Соҳиб САЙФУЛЛАЕВ.

***

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари ўртасида спортнинг дзюдо тури бўйича ҳудудий чемпионат ўтказилди. Унда 2004-2005 ҳамда 2007-2008 йилларда туғилган ўсмир ёшлар куч синашишди.

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида ўтказилган мусобақадан туманимиздаги 23-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ислом Орзиев бронза медали билан қайтди.

Ноила ИКРОМОВА.

***

Мамлакатимизда болалар спортига катта эътибор қаратилади. 33-умумтаълим мактаби ўқувчилари Иброҳим Рўзимуродов ва Лазизбек Мухторов ана шу имкониятдан унумли фойдаланишяпти. "Taekwando-ITF" билан шуғулланаётган спортчиларимиз ҳали ёш, эндигина 3-синфда таҳсил олишади. Шунга қарамай, турли танлов ва мусобақаларда юқори ўринларни эгаллашяпти. Яқинда Иброҳим Рўзимуродов I дан қора белбоғ соҳиби бўлди.

Сабина АБДУҲАЛИЛОВА.

  • 17-05-2018
  • | 94 |
  • № 17