www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

“ЖЧ – 2018”: мухлисларни нима кутмоқда?

Миллионлаб мухлислар орзиқиб кутаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатига ҳам соноқли кунлар қолди. Навбатдаги жаҳон биринчилиги жорий йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар Россия Федерациясида бўлиб ўтади.

Мусобақада 32 жамоа 8 гуруҳга (ҳар бирида тўрттадан) бўлинган ҳолда ғолиблик учун курашади. Бунинг учун мамлакатнинг 11 та шаҳрида 12 та футбол стадиони ҳозирлаб қўйилган. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бутун дунёдан ташриф буюрадиган яшил майдон эгаларига Москва, Калинин­град, Санкт-Петербург, Волгоград, Қозон, Нижний Новгород, Самара, Саранси, Ростов-Дон, Сочи ва Екатеринбург шаҳарлари мезбонлик қилади.

"ЖЧ-2018" доирасида жами 64 ўйин ўтказилади. Шундан 48 таси гуруҳ ичида ўтса, қолган 16 таси плей-офф ўйинларидир.

Чемпионат кунлари Россиянинг барча минтақалари, қадимий шаҳарларда нафақат спортчилар, сайёҳлар учун ҳам қулайликлар яратилади. Айниқса, Владимир ва Суздал шаҳарларини ягона спорт байрами марказига айлантиришга ҳозирлик кўриляпти. Хусусан, тюнинг бўйича авто-мото ҳаваскорлар фестивали, кикер (стол футболи) мусобақаси, Суздал шаҳрида Х анъанавий блюз-байк байрами ўтказилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, "Халқ анъаналари", "Баҳодирлар ўйини" каби соғлом турмуш тарзига доир бошқа тадбирлар, гастрономик спорт шоулари, фильм намойишлари ўтказилиши кутилмоқда.

Хуллас, миллионлар ўйинининг жаҳон нуфузидаги мусобақаси бу гал ҳам таассуротларга бой ўтади. Биз, мухлислар уни ойнаижаҳон орқали кузатиш имконига эгамиз. Транслация ҳуқуқи берилган мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Ёқуб АМИНОВ.

  • 09-06-2018
  • | 31 |
  • № 21